Араб денгизида Ҳиндистон ва Покистон ҳарбий кемалари тўқнашди

Олам

image

Ҳиндистон ҳарбий кемаси Покистон ҳарбий кемаси билан халқаро сувларда тўқнашиб кетди. Бу ҳақда “Reuters“ хабар берди

Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 15 сентябрь куни Араб денгизининг шимолий қисмидаги халқаро сувларда юз берган. Ҳиндистон манбаларига кўра, мунтазам кузатув миссиясида бўлган ҳинд ҳарбий кемасига Покистон ҳарбий кемаси юқори тезликда яқинлашган ва оқибатда кемалар тўқнашиб кетган.

Тўқнашув туфайли жиддий зарар қайд этилмаган. Бироқ Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Покистон ҳарбий-денгиз кучлари бўлинмаларининг хатти-ҳаракатларини қабул қилиб бўлмайдиган ва нопрофессионал деб баҳолаган.

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Покистоннинг муваққат ишлар вакилини чақириб, унга тегишли ҳарбий бўлинмаларга ҳодисага йўл қўймаслик учун зарур эҳтиёт чораларини кўриш ҳамда икки давлат ўртасидаги тегишли келишувларга риоя қилиш зарурлигини етказишни сўраган.

Шунингдек, Ҳиндистоннинг Исломободдаги юқори мартабали дипломати ҳам Покистон Ташқи ишлар вазирлигига худди шундай норозилик билдириш учун кўрсатма олган.

Томонлар ўртасида 1991 йилда имзоланган келишувга кўра, халқаро сувларда ҳар икки давлатнинг ҳарбий кемалари ва сувости кемалари эҳтимолий тўқнашувларнинг олдини олиш учун бир-биридан камида уч денгиз мили масофада бўлиши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Air India авиакомпанияси учувчиси самолёти қисқа муддатга Покистон ҳаво ҳудудига кириб қолганидан сўнг парвозлардан четлатилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг