Apple OpenAI’ни сирларни ўғирлашда айблаб, судга берди
Технология
−
11 июл 671 2 дақиқа
Apple корпорацияси OpenAI компаниясини тижорат сирларини ўғирлашда айблаб, судга даъво аризаси киритди. Бу ҳақда “The New York Times” нашри хабар берди.
Аниқлик киритилишича, даъво аризаси АҚШнинг Калифорния штати Шимолий округ судига топширилган. iPhone ишлаб чиқарувчиси OpenAI компаниясини ишга жойлашиш учун борган Apple номзодларидан махфий лойиҳалар тафсилотларини ошкор қилишни, шунингдек, суҳбатларга қурилмаларнинг бутловчи қисмлари ва прототипларини олиб келишни сўраганликда айблаган.
Apple ўзининг собиқ ходими Чан Люни OpenAI’да ишлаётган вақтида техник ҳужжатларни қўлга киритиш ва уларни юклаб олиш учун собиқ ҳамкасбининг ноутбукидан фойдаланганликда айбламоқда. У, шунингдек, бошқа бир ҳамкасбига суҳбатдан олдин ҳали расман эълон қилинмаган маҳсулотлар ҳақидаги қайси маълумотларни ўрганиб чиқиши кераклигини уқтирган. Бундан ташқари, даъво аризасидан аён бўлишича, собиқ ходим ишдан бўшаётганда қайтариб бермаган Apple’га тегишли ноутбук ёрдамида ички ҳужжатларга киришни режалаштирган.
Компания, шунингдек, OpenAI’ни Apple’нинг ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорларига мурожаат қилишда махфий маълумотлардан фойдаланганликда айблаган. Хусусан, улардан биридан қурилмалардаги металлга якуний ишлов бериш технологиясини намойиш этишни сўраган.
Даъвога кўра, февраль ойида Apple компанияси OpenAI’га хат юбориб, унда махфий маълумотлар иккинчи томоннинг “фаолият доирасига номуносиб тарзда кириб бориши” мумкинлигидан хавотир билдирган, бироқ ҳеч қандай жавоб олмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бир гуруҳ Жеффри Эпштейн қурбонлари шахсий маълумотлар тарқалиб кетгани сабабли АҚШ маъмурияти ва Google компаниясига қарши жамоавий даъво аризаси билан чиққани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси