АПЛда 7-тур учрашувлари якунига етди
Спорт
−
06 Октябрь 1633 4 дақиқа
Кеча, 5 октябрь куни Англия Премьер-лигасида 7-тур учрашувлари якунига етди. Турда жадвал пешқадами ўзгарди. “Ливерпуль”нинг “Стэмфорд Бридж”даги мағлубиятидан сўнг, Лондоннинг “Арсенал” жамоаси жадвал пешқадамига айланиб олди. “Манчестер Cити” эса сафарда минимал ҳисобдаги ғалабага эришди.
“Борнмут” 3 – 1 “Фулхэм”
“Фулхэм” дастлаб Райан Сессеньоннинг голи орқали ҳисобни очди, аммо “Борнмут” иккинчи бўлимда тўлиқ устунликни қўлга олди. Антуан Семеньо икки бор гол урди. Жастин Клюйверт эса узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан ғалабани мустаҳкамлади. “Борнмут” тезкор қарши ҳужумлар орқали рақибни ортда қолдирди.
“Лидс Юнайтед” 1 – 2 “Тоттенхэм”
“Элланд Роуд” стадионида меҳмонлар фаол ўйин кўрсатди. Матис Тель дастлаб ҳисобни очди, Моҳаммед Кудус эса асист ва кейинчалик гол муаллифи бўлди. “Лидс” Ноа Окафор орқали жавоб қайтарди, аммо “Тоттенхэм”нинг ишончи ўйини якунда жамоага ғалаба келтирди.
“Арсенал” 2–0 “Вест Хэм Юнайтед”
Микель Артета жамоаси тўлиқ назоратни сақлаб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Букайо Сака ва Деклан Райснинг голлари “Арсенал” га ғалаба келтирди. Мартин Эдегор тиззасидан жароҳат олиб майдонни тарк этди. “Арсенал” умумий ўйин сифати ва интизом жиҳатидан жуда кучли кўринди.
“Манчестер Юнайтед” 2–0 “Сандерленд”
“Олд Траффорд” стадионида “Юнайтед” яхши ўйин кўрсатди. Мейсон Маунт 8-дақиқада ҳисобни очди, Беньямин Шешко 31-дақиқада иккинчи голни уради. “Сандерленд”да бир неча имкониятлар бўлди, аммо “Юнайтед”нинг ҳимояси ва янги дарвозабони ишончли ҳаракат қилди.
“Челси” 2–1 “Ливерпуль”
Турнинг марказий учрашуви “Стэмфорд Бридж”да кечди. Мойсес Кайседо 14-дақиқада узоқдан зарба билан ҳисобни очди. “Ливерпуль” Коди Гакпо орқали ҳисобни тенглаштирди, аммо 90+5-дақиқада 18 ёшли Эстеван яқин масофадан гол уриб, жамоасига ғалаба келтирди. Бу “Ливерпул” учун кетма-кет учинчи мағлубияти бўлди.
“Астон Вилла” 2–1 “Бёрнли”
Дониэлл Мален икки бор гол уриб, жамоасига муҳим ғалаба келтирди. “Бёрнли” Лесли Угочукву орқали жавоб қайтарди, аммо “Вилла” охирги дақиқаларда устунликни сақлаб қолди. Унаи Эмери бошқарувида жамоа сўнгги ҳафталарда яхши формага кириб олди.
“Брентфорд” 0–1 “Манчестер Сити”
Эрлинг Ҳоланд 9-дақиқада ҳисобни очди ва “Сити”га муҳим ғалаба келтирди. “Сити” бутун ўйин давомида назоратини сақлади. “Брентфорд” иккинчи бўлимда фаол ҳаракат қилди, аммо гол ура олмади. Абдуқодир Хусанов бу ўйинни жароҳати сабаб ўтказиб юборди.
“Эвертон” 2–1 “Кристал Пэлас”
Даниэль Муньос 37-дақиқада “Кристал Пэлас”ни ҳисобда олдинга чиқарди, аммо Илиман Ндиай пенальти орқали вазиятни тенглаштирди. 90+дақиқада Жэк Грилишнинг зарбаси ғалабани таъминлади. Бу “Кристал Пэлас”нинг 19 ўйинлик мағлубиятсиз сериясини тўхтатди.
“Вулверхэмптон ” 1–1 “Брайтон”
“Вулвс” бош мураббийи Витор Перейра 20-дақиқада қизил карточка олди. Шунга қарамай, жамоа ҳисобни очди, аммо “Брайтон” 86-дақиқада Ян Пол Ван Хекке орқали тенглаштирди. “Вулверхэмптон” ҳали ҳам ғалабага эришмаган бўлса-да, яхши кураш кўрсатди.
“Ньюкасл Юнайтед” 2–0 “Ноттингем Форест”
Бруно Гимарайнс узоқдан аъло зарба билан ҳисобни очди, кейин Ник Вольтемаде пенальтидан иккинчи голни уриб, ғалабани мустаҳкамлади. “Форест”да мураббий Анге Постекоглуга босим ортиб бормоқда, “Ньюкасл” эса самарали ўйин кўрсатиб, юқори ўринларга яқинлашди.
Маълумот учун, АПЛда якунланган тур учрашувларидан сўнг, “Арсенал” жамоаси 16 очко билан турнир жадвалида 1-ўринда бормоқда. Энг яқин таъқибчиси “Ливерпуль” эса 15 очко тўплаган ҳолда 2-ўринни банд этган. 8-тур учрашувлари жорий йилнинг 18 октябрь куни старт олади.
Диёр Тошпўлатов