АОКА “QALAMPIR.UZ” мухбирининг судга киритилмагани юзасидан Олий судга мурожаат қилди

Жамият

QALAMPIR.UZ мухбири суд мажлисига киритилмади. Президент гапи ерда қолдими? north_east

QALAMPIR.UZ мухбири суд мажлисига киритилмади. Президент гапи ерда қолдими?

Аввалроқ, “QALAMPIR.UZ” интернет нашри мухбири Зафарбек Солижонов кеча, 22 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судига киритилмагани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолатга Олий суд кўз юмиб турган бир пайтда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги баёнот  билан чиқди. АОКА Матбуот котиби Ҳикматилла Убайдуллаевнинг маълум қилишича, АОКА расмий равишда Олий судга мурожаат қилган. Убайдуллаев ўз баёнотида шундай дейди:

“Qalampir.uz” сайти мухбирларининг жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судига киритилмагани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бугун ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш юзасидан Олий суд Ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидовга мурожаат қилинди. Айтилишича, мазкур ҳолат айни пайтда ўрганилмоқда ва натижаси ҳақида алоҳида баёнот берилади.

Ушбу ҳолат — суд тизимида шаффофликни ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириш мақсадида журналистларнинг очиқ суд мажлисларида иштирок этиши механизмини ташкил қилиш бўйича Олий суд Пленумининг қарорини имкон қадар тезроқ жорий қилиш заруратини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 5-моддасига кўра журналистлар судларнинг очиқ мажлисларида ва оммавий тадбирларда иштирок этиш ҳуқуқи Олий суд Пленуми қарорининг асосий мезони бўлиши лозим, чунки судлар фаолиятининг очиқ ва шаффофлиги ахборот очиқлиги ва ошкоралик сиёсатининг амалга ошишида ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ўтган уч йил мобайнида сўз эркинлигига доир ислоҳотлар жамиятимиз ҳаётида туб бурилиш ясагани, халқимизни қийнаётган ҳар турли муаммоларни кўрсатиб бераётган энг катта куч – бу мустақил ва холис оммавий ахборот воситалари эканлигини унутмаслик зарур.

Ўйлаймизки, Олий суд мутасаддилари вазиятга холисона баҳо бериб, тегишли зарур чораларни кўради”.


Мақола муаллифи

Теглар

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Баҳолаганлар

49

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг