Орқага йўл хоҳласак ҳам йўқ, бунинг учун фақат интернетни ўчириб қўйишимиз керак – Алламжонов

Жамият

Ўзбекистонда матбуот эркинлигининг умри қанча? Сўз эркинлининг чегараси-чи? Ҳозирги Ҳукумат қачонгача ОАВга тоқат билан сиёсат юритади? ОАВга нисбатан кучли ва муросасиз цензура яна вужудга келадими? Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов охирги вақтлар кун тартибида турган ушбу масалага аниқлик киритди. 

“Нимагадир охирги пайтларда жуда кўп шундай шубҳали саволлар бор: бу вақтинчалик ҳолатм? Интернет бор экан, бу йўлдан орқага қайтишнинг иложи йўқ. Бу хоҳишга боғлиқ эмас. Биз фақатгина шу шароитга мослашишимиз керак. Ва бугунги интернет асрида, ижтимоий тармоқлар ривожланган бир пайтда биз фақат у билан ишлашни ўргана олибгина ҳаёт кечиришимиз мумкин”, дейди Алламжонов.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори сўзида давом этаркан, бугун цензура, сўз ва матбуот эркинлигига ғов бўлиш фақат ва фақат зарар келтиришини, Ўзбекистоннинг бугунги раҳбарияти эса буни истамаслигини ифода этишга уринади. 

“Бу – бугунги талаб. Бошқача йўлнинг иложи ҳам йўқ. Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари, блогерлар бўлмасин дейлик ёки назорат қаттиқ ушлаб турилди, цензура қилинди, умуман, ёпиб қўйилди ёки бўғиб қўйилди дейлик... Бундан ким ютади? Ҳозирги техника ва интернет асрида жамиятни бошқа ахборот босиб кетади. Миш-миш кўпаяди. Бизга дўст бўлмаган, дарёнинг нариги бетидаги, атайин бузғунчилик руҳидаги ахборот кампанияларини олиб бораётган ОАВ “раҳмат, Ўзбекистон Ҳукуматига, бизнинг рақобатчиларимиздан йўлларимизни очиб бердинглар”... Ахборот майдонида битта одамнинг овози баланд эшитиладими ёки шовқин бўлсами? Албатта, битта одамнинг. Улар қанча кам бўлса, шунча таъсирчанлик кучи юқори бўлади. Айтмоқчиманки, бугун орқага йўл бор-йўқлигини биз белгиламаймиз. Бу – бугунги давр талаби. Орқага йўл хоҳласак ҳам йўқ, бунинг учун фақат интернетни ўчириб қўйишимиз керак. Фақат шундагина биз ўз йўлимиздан тўхташимиз мумкин”. 

2018 йилнинг тўртинчи чорагида Ўзбекистонда Facebook ижтимоий тармоғи қаторида бир неча кўзга кўринган интернет нашрлар, жумладан QALAMPIR.UZ’га ҳам кириб бўлмай қолди. Интернет ОАВ билан боғлиқ масала 10 кунда ўз ечимини топди. Бироқ, Facebook’нинг қулфи анчагача очилмади. Одамлар, ҳатто, Ҳукумат вакиллари ҳам Facebook’га киришни тўхтатгани йўқ, аксинча, ундан VPN орқали фойдаланишни ўрганди. Вақти-вақти билан бу дастур ҳар қайси қулфни очиб кириш имкониятига эга экани аён бўлди. Бу эса чекловданда кўра кўпроқ хавф туғдирган эди. Алламжонов нутқида давом этаркан, ўша вақеаларни ёдга олади. 

“Мана, тўхтатиб ҳам кўрдик. Facebook ва YouTube билан боғлиқ муаммолар бўлди. Нима бўлди? Мана, залда ўтирганлар айтсин, одамлар Facebook’га киришни тўхтатиб қўйдими?  Ё YouTube’га киришни тўхтатиб қўйдими? Йўқ, VPN пайдо бўлди ва одамлар шу дастурни ишлатишни бошлади. Бу орқали ёпиб қўйилган, тақиқланган “ҳудуд”ларни сакраб ўтишни бошлади. Ҳаммага, ҳамкасбларимга, давлат бошқарув органлари раҳбарлари тушунтирамизки, орқага йўл йўқ. Президентимиз бу нарсани тушуниб айтяптиларки, орқага йўл йўқ. Танлаган йўлимиз шу ва энди фақат шу йўлда тўғри ишлашни ўрганишимиз керак. Қонунларни ишлатишимиз керак, маданиятни шакллантиришимиз керак, бошқа иложи йўқ”.

Алламжоновнинг қайд этишича, Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигига тўсиқ қўйилиши эҳтимоли мавжуд эмас. “Бизнинг агентлигимиз бор экан, бу нарсага биз йўл қўймаймиз”, дейди мулозим. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Комилжон Алламжонов

Баҳолаганлар

117

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг