25 йиллик ёпиқ режимдан сўнг ҳаттоки журналистларимизни ҳам ички цензура бутунлай тарк этгани йўқ – Алламжонов
Жамият
−
11 Октябрь 2019
3462Бугун, 11 октябрь куни Самарқандда ЕХҲТнинг Вена шаҳридаги иштирокчи давлатлар доимий вакиллари, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчилари иштирокида “Ўзбекистонда ОАВ эркинлиги масалалари” мавзусида халқаро давра столи бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов ва агентлик директори ўринбосари Саида Мирзиёева иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Халқаро давра столида хорижлик меҳмонлар Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирилган.
“Афсуски, узоқ йиллар “халқимиз сўз эркинлигига тайёр эмас” деган ёлғон тамға ёпиштирилиб, журналистлар узоқ йиллик цензурага маҳкум этилди. Аслида одамларимиз қанчалик эркин ва довюрак бўлганини тўқсонинчи йиллар бошидаги парламент сессиялари ҳам тасдиқлайди. Яқинда “Youtube” орқали ўша тасмаларни кўриб, сўз эркинлигининг ҳақиқий ва самимий кўринишига гувоҳ бўлдим.
Йигирма беш йиллик ёпиқ режимдан сўнг ҳаттоки журналистларимизни ҳам ички цензура бутунлай тарк этгани йўқ. Муаммоларнинг барчасини бир зумда ҳал этиш мумкин эмас, бироқ Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли соҳадаги муаммолар бирин-кетин барҳам топяпти. Давлат раҳбари журналист ва блогерларни қўллаб-қувватлаяпти, танқидий материаллар ёзишга чорлаяпти. Бу – замон ва ислоҳотлар талаби”, дейди агентлик директори Комилжон Алламжонов.
Алламжоновга кўра, Ўзбекистон яқин келажакда очиқлик ва ошкоралик тамойилини янада мустаҳкамлайди ва дунёдаги сўз эркинлиги, демократия қарор топган мамлакатлар сафига қўшилади.
Агентлик раҳбари 2020 йилда Сўз эркинлиги Марказий Осиё форумини Ўзбекистонда ўтказишга тайёр эканини маълум қилган.
LiveБарчаси