Саиджонов ОАВга очилмаётган эски давр раҳбарларини танқид қилди

Жамият 2919
image

“Давлат раҳбари давлат ташкилотларидан ОАВ учун маълумотлар тарқатилишида очиқ ва шаффоф фаолият юритишни талаб қилмоқда. Бироқ эски давр услубида ишлаётган айрим раҳбарлар бунга мослашиши қийин бўлмоқда. Улар ОАВга очиқ бўлишни хоҳламаяпти. Биз бу муаммони ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз”, дейди Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Дилшод Саиджонов.

Бугун, 21 декабрь куни АОКАда сайловларни кузатиш мақсадида Ўзбекистонга келган америкалик профессор Уильям Эймик билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Дилшод Саиджонов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан сўнгги йилларда ОАВни ривожлантириш соҳасида амалга оширилган ўзгаришлар, келгусида ташкилот олдига қўйилган вазифалар ва бошқалар хусусида маълумот берди

У ОАВ фаолиятини тартибга солиш бўйича бир қанча қонунлар мавжудлиги, улардаги айрим камчиликларни йўқотиш ёки уларга ижобий ечим бериш мақсадида 2020 йилда бир қанча вазифаларни амалга оширилиши таъкидланди.

Мажлисда ОАВга очилмаётган айрим эски давр раҳбарларини танқид қила туриб, “Бундай ташкилотларга чора кўриш масаласида, қонунчиликка таклифлар тайёрлаяпмиз. Балки бу ҳаракатсизлик учун жарима жазо тури қўлланилар, лекин жазо қандай кўринишда бўлиши ҳозирча аниқ эмас”, дейди директор ўринбосари.

У шунингдек, қонунчиликда мавжуд камчиликларга тўхталиб, давлат ташкилотларининг веб-сайтларини янгилаб бориши масаласини ҳам танқид қилди.

2014 йилда қабул  қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунга кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириладиган ахборотнинг санаси қўйилган бўлиши ҳамда у вақти-вақти билан янгиланиб бориши керак.

Ахборотни янгилаб бориш даврийлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан белгиланади, лекин у ҳафтасига бир мартадан кам бўлмаслиги керак.

Дилшод Саиджоновга кўра, қонуннинг мазкур қисми ҳозирги ахборот асри талабларига тўла мос келмайди. Янги парламент депутатлари бунинг ҳисобини олиши керак. Давлат ташкилотлари ўз веб-сайтларини мунтазам ривожлантириб, фаолияти ҳақидаги хабарларни кунига камида уч марта янгилаб бориши нормал ҳолат эканини айтди.

Зафарбек Солижонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 22
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×