АОКА директори Асад Хўжаев яна бир ташкилотга раҳбар бўлди

Спорт 3978
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) директори Асаджон Хўжаев Ўзбекистон кикбоксинг ассоциацияси президенти этиб сайланди.

Ўзбекистон кикбоксинг ассоциациясининг бугун, 16 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган навбатдаги конференциясида шундай қарор қабул қилинди.

Тадбирда ташкилий масалалар кўрилди. Ассоциация раҳбар органлари тизимига ўзгартириш киритилиб, раис лавозими жорий этилди, ташкилотнинг янги Устави қабул қилинди.

Шу пайтга қадар ассоциация президенти вазифасини бажариб келган Ойбек Норметов ассоциация раислигига сайланди. Ассоциация президентлигига эса Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев сайланди.

“Мамлакатимиз раҳбарининг спортга қаратаётган эътибори — Токиода ўтказилган олимпиада ўйинларида қўлга киритилган натижаларда ҳам ўз аксини топди. Ушбу ғалабаларга яратилган шароит ҳамда мураббийлар ва спортчиларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига эришилди.

Энг биринчи навбатда, ёшларни ушбу спорт турига кенгроқ қизиқтириш ва жалб этишимиз лозим. Бунинг учун спорт иншоотларини қайта қуриш, реконструкция қилиш, ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш жуда муҳим.

Шунингдек, Кикбоксинг ассоциациясининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, спортчиларимизнинг тайёргарлик жараёнлари, ўқув-йиғинлари, мусобақалар учун махсус заллар ва майдонлар ташкил этиш, кикбоксинг бўйича мураббийларни кўпайтириш, уларнинг малакасини ошириш бўйича иш олиб борамиз.

Ишончим комилки, олдимизда турган муҳим вазифаларни амалга оширсак, кикбоксингчиларимиз ҳам бошқа спортчилари сингари нуфузли мусобақаларда юртимиз байроғини баланд кўтаради”, дея таъкидлади ассоциациянинг янги президенти Асаджон Хўжаев.

Конференция якунида ассоциация олдида турган муҳим вазифалар белгиланди. Спортчиларнинг тайёргарлиги, мусобақаларда муносиб иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 32
Рейтинг: 3.1
t
×