Анжелина Жоли БМТдаги фаолиятига нуқта қўйди

Маданият-санъат

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) қочқинлар бўйича махсус вакили Анжелина Жоли ташкилотдаги 21 йиллик фаолиятидан сўнг ишдан кетди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтида хабар берилди.

Ташкилот баёнотида актрисанинг ишдан кетиш сабаби сифатида кенг кўламдаги гуманитар ёрдам кўрсатиш билан шуғулланмоқчи экани кўрсатилган. 

Қайд этилишича, Анжелина Жоли ташкилотдаги 21 йиллик фаолияти давомида 60 дан ортиқ миссияларни амалга оширган. Жумладан у БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги билан Яман ва Буркина-Фасога бориб, фавқулодда вазиятларни бошдан кечирган одамлар билан учрашган. Ушбу муҳим ролда у ўз чақириқлари билан қочқинлар ҳақида хабардорликни ошириш ва қўллаб-қувватлашда фойдаланган. 

БМТнинг қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди вазиятга изоҳ берар экан, Голливуд юлдузи билан дўстона муносабатларни сақлаб қолиш умидини яширмаган.

“Анжелина Жоли узоқ вақтдан буён БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссарлигининг муҳим гуманитар ҳамкори бўлиб келган. Биз унинг узоқ йиллик меҳнати, садоқати ва қочқинга айланишга мажбур бўлган одамлар учун қилган хизматидан миннатдормиз. Мен унинг ўз фаолиятини ўзгартириш қарорини ҳурмат қиламан. Мен қочқинлар масаласи ҳамиша унинг қалбига яқин бўлишини биламан. Ишончим комилки, у ўзининг кенгроқ гуманитар фаолиятига ҳам худди шундай иштиёқ ва эътибор билан ёндашади”, деган у.

Қолаверса баёнотда Анжелина Жолининг сўзлари ҳам акс ўтган.

“Мен БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссарлигининг бутун дунё бўйлаб қочқинларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ишлари билан шуғулланаётган фидойи ҳамкасбларим билан ишлаш ҳамда махсус элчи сифатида хизмат қилиш имконияти учун миннатдорлик билдираман. Мен келгуси йилларда қочқинлар ва кўчирилган одамларни қўллаб-қувватлаш учун қўлимдан келган барча ишни қилишда давом этаман. БМТ тизимида 20 йил ишлаганимдан сўнг, бошқача ёндашув, қочқинлар ҳамда маҳаллий ташкилотлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш ва уларнинг ечимлари учун тарғиботини қўллаб-қувватлаш вақти келди, деб ҳисоблайман”, деган актриса.

Шунингдек, Голливуд актрисаси бугун, 17 декабрь куни ўзининг Instagram саҳифаси орқали БМТдаги фаолиятига якун ясаётган бўлса-да, бутун умрини қочқинлар билан ишлашга бағишлашини айтган.

Маълумот ўрнида, Таниқли Голливуд актрисаси 2001 йилда тақдим этилган “Tomb Raider: Лара Крофт” фильмининг Камбоджада бўлиб ўтган суратга олиш жараёнларидаги гуманитар фалокатлардан таъсирланган. 2001 йил февраль ойида у БМТнинг Қочқинлар бўйича комиссиясига мурожаат қилиб, маълумот олиш мақсадида ўзининг биринчи сафарини Сьерра-Леоне ва Танзанияга амалга оширган. У сафар харажатларини ўз ҳисобидан қоплаш баробарида Покистондаги афғон қочқинлари учун бир миллион АҚШ доллари миқдорида хайрия қилган. Актриса 2001 йилнинг август ойидан БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссарлиги бошқармасининг эзгу ният элчиси сифатида фаолиятини бошлаган. 10 йиллик меҳнат фаолиятидан сўнг, 2012 йилда БМТнинг Қочқинлар бўйича махсус вакили лавозимига тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Анжелина Жоли қочқинлар

Баҳолаганлар

96

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг