Анвар Нормаматов Деновга ҳоким бўлди

Жамият

image

Бугун, 30 декабрь куни Анвар Маматович Нормаматов Сурхондарё вилоятининг Денов туманига ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Халқ депутатлари Денов тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режаларга тўхталган.

Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Денов тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Илҳом Аброров вазифасидан озод этилгани таъкидланган. Вилоят раҳбари депутатлар эътиборига Денов тумани ҳокими лавозимига Анвар Маматович Нормаматов номзодини таклиф этган. Мазкур номзод Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари томонидан маъқулланган.

Маълумот учун, Анвар Нормаматов 1981 йилда Ангор туманида туғилган. 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясини ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида Ички ишлар органларида турли масъул лавозимларда хизмат қилган. Жумладан, Сариосиё, Узун ва Қизириқ туманлари ҳамда Термиз шаҳар Ички ишлар бўлимларида бошлиқ, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган. Тайинловга қадар эса Қумқўрғон тумани ҳокими лавозимида фаолият олиб борган.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 12 сентябрь куни халқ депутатлари Қумқўрғон тумани кенгашининг 10-сессиясида Анвар Нормаматов газнинг “таги йўқлиги” учун тезак ёқиш кераклигини айтганди. Шунингдек, у қиш келганча, симёғоч ва трансформаторларни таъмирлаш кераклигини ва энг асосий муаммо электр энергияси билан боғлиқ эканини айтган. Бундан ташқари, “Қумқўрғон туман газ” филиали бошлиғи И.Мустафоқулов ҳисобот ўқиган. Туман ҳокими эса газ билан боғлиқ муаммоларга тўхталган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Термиз, Қумқўрғон ва Олтинсой туманларига ҳам янги ҳокимлар тайинланган эди. Хусусан, Термиз туманига Шуҳрат Қаландаров, Қумқўрғон туманига Фаррух Ҳолиқов ва Олтинсой туманига Отабек Мавлонов ҳоким этиб тайинланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё Денов Анвар Нормаматов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг