Антисемитизмда айбланган Илон Маск Исроилга боради
Олам
−
27 Ноябрь 2023
4834Антисемитизмда айбланган америкалик тадбиркор Илон Маск Исроилга боради. Бу ҳақда Исроил Президенти идорасига таяниб, “The Times of Israel” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув бугун, 27 ноябрь куни бўлиб ўтади. Президент идораси расмийларига кўра, Ғазо секторида гаровга олинганларнинг айрим оила аъзолари ҳам учрашувда қатнашади.
Президент Ицхак Герцогнинг ўзи бу учрашувда интернетда ўсиб бораётган антисемитизмга қарши курашиш зарурлигини алоҳида айтиб ўтмоқчи.
Исроил телевидениеси Маск Бош вазир Биньямин Нетаньяху билан ҳам учрашув ўтказиши мумкинлигини хабар қилмоқда. Бироқ ҳозирча бу маълумотни расмий тасдиқлаганича йўқ.
Маълумот учун, ноябрь ойининг ўрталарида Илон Маск антисемитизмда, яъни яҳудийларга нисбатан нафратда айбланган. Ҳаммаси Х ижтимоий тармоғи фойдаланувчисининг постидан бошланди.
Унинг сўзларига кўра, яҳудийлар "оқларга нисбатан нафрат уйғотмоқда". Илон Маск фойдаланувчини қўллаб-қувватлаб, унинг айтган сўзлари ҳақиқат эканини таъкидлаган.
У, шунингдек, антисемитизм ва яҳудийларга нисбатан муросасизликнинг бошқа шаклларига қарши турадиган Америка инсон ҳуқуқлари ташкилоти Anti-Defamation League ҳақида гапириб, у "оқ танлиларга қарши ирқчиликни тарғиб қилишини" айтган.
Ушбу баёнотлари учун миллиардер антисемитизмда айбланган, бироқ Маскнинг ўзи унинг твитлари шундай характерга эга эканлигини рад этади. Жанжал авж олганидан сўнг, кўплаб йирик реклама берувчилар Х платформасида реклама қилишни тўхтатишини эълон қилди ва Маскнинг баёнотлари Оқ уй томонидан ҳам қораланди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур можаро фонида Илон Маск унга қарши чиққан барча ташкилотлар устидан судга мурожаат қилишини билдирганди.