Аномал совуқ кунларда шифокорларни топа оламизми? ССВ иш тартиби қандай бўлишини тушунтирди
Жамият
−
09 Январь 2023
6895Аномал совуқ кунларда барча тиббиёт муассасаларининг узлуксиз ва барқарор ишлаши таъминланади. 1257 та кўп тармоқли ва оилавий поликлиника, 1080 та оилавий шифокор пункти ҳамда 1002 та маҳалла тиббиёт пункти аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Республика, вилоят, туман ва шаҳар шифохоналари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари одатдаги тартибда ишлайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, тизимга қарашли даволаш муассасалари учун 436 та қўшимча дизель генератори харид қилиниб, жойларга юборилмоқда.
155 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникалар ҳамда маҳалла тиббиёт пунктларига 260 кВт. қувватга эга қуёш панеллари, 10 300 литр ҳажмли қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилган.
375 та маҳалла тиббиёт пункти, 50 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникалар учун 2 352 кВт қувватга эга қуёш панеллари ҳарид қилинган.
Техник сабабларга кўра, бирор тиббиёт муассасасида генератор ишламай қолса, зудлик билан муаммони бартараф этиш мақсадида барча вилоятларда куну тун хизмат кўрсатувчи навбатчи генераторлар ташкил қилингани айтилмоқда.
10-15 январь кунлари тиббиёт муассасалари қай тартибда фаолият кўрсатади?
72 000 нафардан зиёд шифокор ва ҳамширалардан иборат тиббий бригадалар томонидан, биринчи навбатда, ҳомиладор аёллар, болалар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар яшайдиган хонадонлардан хабар олиш, ўз навбатида, “онлайн патронаж” хизмати кўрсатиш йўлга қўйилади.
Амбулатор-поликлиника тизимидаги 19,5 мингдан зиёд кундузги шифохона ўринларида уйдан ажралмаган ҳолда даволаниш имконияти яратилади.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали, туманлардаги 181 та шошилинч тиббий ёрдам қабул бўлими ҳамда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 24 соат давомида шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади.
Мамлакат бўйлаб 2755 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар асосида куну тун хизмат кўрсатади.
Бундан ташқари, 227 та туғуруқ, 245 та болалар даволаш муассасаcи ҳам узлуксиз иш олиб боради.
Республика Call-маркази (1003) орқали тиббиётга тегишли саволларга малакали мутахассислардан кечаю кундуз жавоб олиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 9 январь куни Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан Россия Европа қисмининг шимолий ҳудудларида шаклланган совуқ ҳаво массаси кириб келиши бошланади.
9-11 январда республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда қор ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади.
9-10 январда баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучайиши мумкин.
10-15 январда республика бўйича аномал совуқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечалари 12-17 совуқгача, кундуз кунлари 5-8 даража совуқгача, шимолда кечалари 17-22 совуқгача, Устюртда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 25-27 совуқгача, кундуз кунлари 7-10 даража совуқгача, жанубда ва Фарғона водийсида кечалари 5-10 совуқгача, кундуз кунлари 2-5 даража совуқгача пасаяди.
Йўлларда баъзи жойларда яхмалак юзага келади.
LiveБарчаси