Аномал иссиқ ортидан ҳалок бўлганлар камайтириб кўрсатилмоқда – БМТ
Олам
−
09 Август 6908 2 дақиқа
Иссиқ об-ҳаво туфайли юзага келган касалликлар ва ўлим ҳолатларини расмий ҳисобга олиш ҳанузгача паст даражада қолмоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг жорий йилнинг 7 август куни эълон қилинган ҳисоботида келтирилган.
Мутахассисларнинг баҳолашича, 2000 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда дунёда ҳар йили иссиқ об-ҳаво билан боғлиқ тахминан 489 мингта ўлим ҳолати кузатилган. Уларнинг 45 фоизи Осиё, 36 фоизи эса Европага тўғри келади.
Қайд этилишича, Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) иссиқлик бўйича эрта огоҳлантириш тизимларини кучайтириш устида фаол ишламоқда.
“Экстремал иссиқликни кўпинча “сассиз қотил” деб аташади, бироқ замонавий илмий маълумотлар ва технологиялар мавжуд бўлган бир пайтда бу таъриф баҳона бўла олмайди. Иссиқлик туфайли кузатиладиган ҳар бир ўлимнинг олдини олиш мумкин”, дейди ЖМТ раҳбарининг ўринбосари Ко Барретт.
Шунингдек, “Коперник” иқлим ўзгариши хизмати маълумотларига кўра, жорий йилнинг июль ойи кузатувлар тарихидаги учинчи энг иссиқ июль бўлган. Денгиз сатҳи юзаси ўртача ҳарорати ҳам учинчи энг юқори кўрсаткичга етган. Арктика денгизи музлари майдони эса сунъий йўлдош кузатувлари олиб борилган 47 йил ичида июль ойида иккинчи энг кичик даражага тушган.
Европада Швеция ва Финляндия энг кўп азият чеккан. Бу мамлакатларда ҳаво ҳарорати узоқ муддат давомида 30 даражадан юқори бўлган. Жануби-шарқий Европада иссиқ ҳарорат билан бирга ўрмон ёнғинлари ҳам кузатилган, Туркияда эса миллий рекорд қайд этилган – 50,5 даража. Европадан ташқарида энг юқори ҳароратлар Ҳимолай минтақаси, Хитой ва Японияда кузатилган.
Иссиқ об-ҳаво август ойида ҳам давом этмоқда. Хитой пойтахти Пекиндаги Жаҳон метеорология маркази маълумотларига кўра, августнинг биринчи ҳафтасида Ғарбий Осиё, Марказий Осиёнинг жануби, Шимолий Африканинг катта қисми, Жанубий Покистон ва АҚШнинг жануби-ғарбида максимал ҳарорат 42 даражадан ошган. Баъзи ҳудудларда ҳарорат 45 даражадан юқори бўлган. Эроннинг жануби-ғарбида ва Ироқнинг шарқида у 50 даражага етган. Бу эса электр ва сув таъминотида, таълим тизимида ҳамда меҳнат фаолиятида узилишларга олиб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўртаер денгизида сув ҳарорати аномал даражагача кўтарилгани ва 2025 йилнинг июнь ойида унинг айрим ҳудудларида сув ҳарорати мавсумий меъёрдан 5 даражадан ортиқ ошгани хабар қилинган эди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь