Андижонга янги ҳоким тайинланди. Аввалгиси қамоққа олинганди
Жамият
−
14 Июнь 2022
13392Андижон шаҳрига Ғофуржон Ғуломович Абдураҳмонов ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ғофуржон Ғуломович Абдураҳмонов Андижон шаҳар ҳокими лавозимида Баҳром Ҳайдаровнинг ўрнини эгаллаган.
Маълумот ўрнида, Гофуржон Гуламжонович Абдураҳмонов 1976 йилда Андижон шаҳрида туғилган. 1998 йилда Андижон муҳандислик иқтисодиёт институти тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1994 йили Марказий банк Андижон вилояти Бош бошқармаси экспедитори, 2-тоифали ҳисобчиси, 1-тоифали ҳисобчиси, етакчи эксперти вазифасидан бошлаган.
1997-2022 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Андижон вилояти бўлими 1-тоифали мутахассиси, етакчи мутахассиси, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Андижон вилояти бўлими Пойтуғ филиали бошқарувчиси ўринбосари, Пахтаобод туман филиали бошқарувчиси, вилоят бўлими бошқарувчисининг ўринбосари, сўнг вилоят бўлими бошқарувчиси, Марказий банк Андижон вилояти Бош бошқармаси бошлиғи, АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” бошқарув раисининг ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.
Тайинловга қадар Абдураҳмонов АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Бошқарув раисининг маслаҳатчиси вазифасида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, собиқ Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров жорий йилнинг 6 июнь куни қамоққа олинди. У жиноий шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланмоқда. Унинг ортидан Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ҳам ҳибсга олинди.
Айтиш жоизки, дастлаб Баҳром Ҳайдаров давлат манфаатларига 1 млрд 779 млн сўм зарар етказишда гумонланганди. Андижон шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган жиноят иши доирасида жорий йилнинг 3 февраль куни депутат ва ҳокимни терговга жалб қилиш мақсадида Андижон вилояти прокуратурасига тақдимнома киритилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Баҳром Ҳайдаров ҳокимият ҳузуридаги Ер майдонларини ажратиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссия аъзолари билан гуруҳда Ер кодексининг 17, 23, 62-моддалари, қолаверса, Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарор ҳамда фармойишларига зид равишда жисмоний ва юридик шахсларга аукцион орқали ўзининг ваколатидан қасддан фойдаланиб, ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратилиши ҳақида мутасадди мансабдорларга кўрсатма бергани аниқланган.
Ҳоким аслида бекор қилинган ҳужжатларни асос қилиб кўрсатган ҳолда, комиссия далолатномалари ва ер ажратиш тўғрисидаги қарорларига сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, 2019-2020 йилларда ер майдонларини ажратиш тўғрисидаги қарор ва фармойишларни қабул қилган.
Кейинроқ Бош прокуратура Баҳром Ҳайдаров Андижон шаҳар молия бўлимида ишлаган вақтида 48 млрд маблағларни талон-торож қилишда гумонланаётганини маълум қилди. Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов ишида 37 нафар шахс айбланиб улардан 32 нафари ҳибсга олинган.
LiveБарчаси