Андижондаги беморда маймун чечаги аниқландими? ССБ ҳолатга аниқлик киртди

Жамият 34193
image
-

Кеча, 12 июнь куни ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Асака туманидаги 49 ёшли аёлда тошмалар тошгани, бу дунё бўйича тарқалаётган маймун чечаги бўлиши ҳам мумкинлиги айтилган хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси Матбуот хизмати изоҳ берди.

Қайд этилишича, бошқарма бошлиғи раҳбарлигида малакали мутахассислар, хусусан, инфекционист, токсиколог, терапевт, кож-венеролог, аллергологлар иштирокида бевосита беморнинг ўзи кўрикдан ўтказилган ва хабарлар асоссиз экани тасдиқланган.

Хабарга кўра, 1973 йилда туғилган Х.Ю. исмли бемор 12 июнь куни соат 11:07 да Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) Андижон филиали Токсикология бўлимига “баданига тошмалар тошиш, тана ҳарорати кўтарилиш, безовталик, нафас бўғилиши, ўта ҳолсизлик” ташхиси билан ётқизилган. 

Қайд этилишича, бемор “юқори нафас йўллари яллиғланиши ва бўйин лимфа тугунлари катталашиши” ташхиси билан 3 кун уйида даволанган, даволаниш даврида у турли дори-воситалари: инъекцияларни қабул қилган. Оқибатда 2 кун давомида дастлаб баданларида, кейин оғиз ичига ҳам тошмалар тошган. 

Мазкур даврда бемор Асака туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилган ва 1 кун даволанган, аммо ижобий ўзгаришлар бўлмагани учун РШТЁИМ Андижон филиалига юборилган.

“Кўрсатилган муолажалар сабаб беморнинг умумий ҳолатида яхшиланиш кузатилди, унга реанимация чоралари шарт эмаслиги учун оддий палатада даволанишни давом эттирмоқда”, дейилади хабарда.

Аёлга “дори моддаларига аллергик реакция ташхиси” қўйилган.

Маълумот ўрнида, маймун чечаги кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, асосан ёввойи ҳайвонлардан одамларга юқади. Касалликнинг белгилари иситма, бош оғриғи, мушак оғриғи, бел оғриғи, лимфа тугунлари шишиши, титроқ ва чарчоқни ўз ичига олади. Шунингдек, юз ва тананинг бошқа қисмларида тери тошмаси ҳам пайдо бўлиши мумкин. ЖССТ маълумотларига кўра, маймун чечаги эпидемияси учун ўлим даражаси одатда 1 фоиздан 10 фоизгача, ўлимнинг аксарияти ёш гуруҳларда содир бўлади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 905
Рейтинг: 3
t
×