Андижонда Жанубий Корея билан ҳамкорликда 34та корхона ишламоқда
Жамият
−
19 Апрель 2019
4970Андижон вилоятида Жанубий Корея билан ҳамкорликда 34 корхона фаолият кўрсатмоқда. Ана шу корхоналар томонидан ўтган йили 2 миллион 28 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди.
Жумладан, 2011 йилда Жанубий Кореянинг “Erae cs” LTD компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “O’zERAE Climate Control” Ўзбекистон - Жанубий Корея қўшма корхонаси ана шу йўналишда самарали фаолият юритаётган корхоналардан биридир.
Корхонада автомобиллар учун совутиш радиаторлари, иситиш, вентиляциялаш ва ҳавони кондиционерлаш модуллари ишлаб чиқарилади.
Корхонада дастлабки йилларда фақат “Cпарк”, “Кобольт” автомобиллари учун 10 турдаги маҳсулот тайёрланган бўлса, кейинги йилларда маҳаллийлаштириш дастури асосида “GM Uzbekistan” корхонасида ишлаб чиқарилаётган бошқа русумдаги автомобиллар учун ҳам маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
“Корхонамизда ўтган йили 208 миллиард 309 миллион сўм миқдоридаги 436 минг донага яқин маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ҳамкорлик келишувига асосан Россия давлатида ишлаб чиқарилаётган “УАЗ Патриот” автомобили учун иситиш радиаторлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз”, дейди қўшма корхона бош директори Нодиржон Аҳмедов.
Корхонада Халқаро ISO 9001 ва ISO/TS 16949 стандартлари талабларига жавоб берувчи сифат менежменти тизими жорий этилганлиги, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатлилиги корхона маҳсулотларига бўлган талабни оширмоқда.
Корхона 2018 йилда Хоразм вилоятидаги Хозарасп эркин иқтисодий зонасида ўз филиалини ташкил этди. Мазкур филиалда “Дамас” автомобиллари учун йилига 60 минг дона радиатор ҳамда ҳавони кондиционерлаш модуллари тайёрланади.
LiveБарчаси