Андижонда мотамсаро она ҳайкалининг қучоғида видео олган 37 ёшли тиктокер қамалди (видео)
Жамият
−
19 Май 2021
18003Ўзбекистонда ҳайкаллар олдида ножўя видео олган тиктокерларга қонуний жазо бериш ҳолатлари айниқса, сўнгги пайтларда кўпайди. Бу сафар Андижон вилоятидаги мотамсаро она ҳайкалининг қучоғида видео олган тиктокер, 3 фарзанднинг отаси — Зафар Кимсанов 15 суткага қамалди.
Видеода унинг мотамсаро она ҳайкали устига чиқиб, ётиб олиб, “онахоннинг қучоғида ётибман, унинг кимлигини билмайман”, дея ҳурматсизлик қилганини кўриш мумкин.
Кимсановга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига асосан, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Маълумот учун, мотамсаро она ҳайкали Иккинчи жаҳон урушида қатнашган барча аждодлар оналарининг тимсоли ҳисобланади.
Ушбу ҳолатни содир этган 37 ёшли Зафар Кимсанов бундан аввал ҳам хурмача қилиқлари билан танилганди. Кимсанов TikTok’да машҳур бўлиш учун ўзини поезд тагига ётиб олгандек кўрсатиб видео олганди.
У поезддан 300 метр олдинда поезд йўлига чиқиб, темир йўлга ётмасдан уяли телефонини темир йўлнинг ўртасига қўйиб, дарҳол ортга қайтгани маълум бўлган. Ўша пайт ҳам унга МЖтКнинг тегишли моддалари билан айблов қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, 11 май куни Самарқанд вилоятидаги Алишер Навоий ҳайкали олдида бир йигитнинг ҳақоратомуз ҳаракат содир этгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тақралганди. У йигит 15 сутка маъмурий қамоқ билан жазоланганди. Шунингдек, йигитга Навоий асари совға қилинганди.
Кейинчалик, Каттақўрғон шаҳрида яна бир йигитнинг Алишер Навоий ҳайкали олдида ножўя ҳаракат содир этгани акс этган видео тарқалди. Видеода йигит ҳайкалга тупурганини кўриш мумкин.
LiveБарчаси