Андижон Ўзбекистондаги энг коррупциялашган вилоят экани айтилди
Жамият
−
27 Май 2022
12577Андижон вилояти Ўзбекистондаги энг коррупциялашган вилоят номини олди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эълон қилган ҳисоботда сўз боради.
Қайд этилишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар ойда коррупцияга оид ислоҳотлар натижадорлиги ва аҳолининг коррупцияга муросасизлигини баҳолашга қаратилган рейтинг баҳолаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу рейтинг баҳолаш ишлари натижаларига кўра, Андижон вилоятида барча кўрсаткичларда салбий тенденция кузатилмоқда.
Масалан, коррупцияга оид жиноятлар содир қилиш бўйича вилоят ўтган 3 ойда энг юқори ўринларни эгаллаб турибди. Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига аҳолиси коррупция бўйича энг кўп мурожаат қиладиган ҳудудлар ичида Республикада 1-ўринни банд этмоқда.
“Ушбу рақамлар кўрсатиб турибдики, Андижон вилоятида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш керак”, дейилади агентлик баёнотида.
Таҳлилларга кўра, 2021 йилда 22 нафар шахсга нисбатан 18 та жиноят иши судга юборилган. Улар ўзлаштириш, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда пора олиш каби жиноятларни содир қилган.
Мазкур жиноятларга қўл урганларнинг 4 нафари вилоят ҳокимлиги, 18 нафари туман ва шаҳар ҳокимликларининг ходимлари ҳисобланади.