Андижон давлат университетида қарийб 40 млрд сўм “еб юборилди”
3-саҳифа
−
11 Октябрь 2023
6813Андижон давлат университетида стипендия тўловлари орқали маблағлар ноқонуний ўзлаштирилгани аниқланди. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси маълум қилди.
28 та давлат органлари ва ташкилотларининг 115 турдаги маълумотлар базасидан реал вақт режимида фойдаланиш тизими йўлга қўйилиб, ягона “Масофавий назорат” маркази ташкил этилди.
Ушбу марказ онлайн ва масофавий таҳлиллар орқали давлат молиясининг ижроси устидан вертикал назорат олиб бориш имконини беради.
Жумладан, марказда ўтказилган сўнгги масофавий таҳлиллар жараёнида Ҳисоб палатаси томонидан Андижон давлат университетида стипендия тўловлари орқали маблағларни ноқонуний ўзлаштириш рисклари аниқланди.
Аниқланган шубҳали ҳолатлар жойига чиққан ҳолда текширилганида, жами 39,3 млрд сўм нақд пул маблағлари талон-торож қилингани маълум бўлган. Жумладан:
- контракт маблағлари ҳисобидан стипендиясиз шаклда таҳсил олган 8 761 нафар талабага 25,1 млрд сўм ортиқча стипендия ҳисобланиб, тўлов қайдномалари сохталаштирилган;
- талабалар томонидан тўланган 9,3 млрд сўм тўлов-контракт суммалари университет ҳисоб рақамига кирим қилинмаган;
- талабаларга ҳисобланган 2,7 млрд сўм рағбатлантириш маблағлари тарқатилмасдан, уларнинг имзолари сохталаштирилган;
- бюджет маблағлари ҳисобидан 2 226 нафар талабага битта давр учун икки мартадан 1,1 млрд сўм ортиқча ҳисобланган стипендия ўзлаштирилган;
- талабалар ётоқхона ижарасидан тушган 911,8 млн сўмлик нақд пуллар университет ҳисоб рақамига кирим қилинмасидан ноқонуний ўзлаштирилган.
Бундан ташқари, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига зид равишда университетга хизмат уйи харид қилиш учун жисмоний шахс билан 2,5 млрд сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузилиб, шундан 300 млн сўми нотўғри ўтказилган.
“Аниқланган ноқонуний ўзлаштирилган маблағлардан 5,1 млрд сўми ундирилиши таъминланди. Текшириш якуни билан расмийлаштирилган ҳужжатлар тўплами ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида пул эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар қўлга олинганди.
LiveБарчаси