“ТошМИ”га ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгар ушланди
3-саҳифа
−
07 Октябрь 2023
4473Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида пул эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Унга кўра, департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Аниқланишича, муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган Н.М. фуқаролар Х.А., Д.Ж. ва Ғ.Ж.нинг ишончига кириб, уларнинг фарзандларини гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга киритиб қўйиши эвазига жами 8 минг доллар ва 43,5 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Шунингдек, департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Ш.С. исмли шахс фуқаро М.И.ни танишлари ёрдамида Тошкент шаҳридаги “Ренессанс” номли хусусий олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 2 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса М.Э. исмли шахс фуқаро Н.Н.га Россия ёки Тожикистон давлатларидаги олий ўқув юртида ўқигани ҳақида ҳужжатлар расмийлаштириб бериш орқали Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 8 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
“Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилади департаментнинг хабарида.
LiveБарчаси