“Андижон” Чемпионлар лигасидаги юришини якунлади
Спорт
−
25 Декабрь 2476 2 дақиқа
Кеча, 24 декабрь куни “Андижон” жамоаси ОФК Чемпионлар лигаси 2-гуруҳ босқичи 6-турида “Ал-Аҳли” меҳмони бўлди. Унда Самвел Бабаян шогирдлари 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди ва мусобақа билан хайрлашди.
Қатарнинг “Ал Тумама” стадионида бўлиб ўтган учрашувнинг 26-дақиқасида мезбонлар сафида ҳаракат қилаётган Мичел Влап Элдор Адҳамов дарвозасини ишғол қилишга эришди. Иккинчи бўлимнинг 65-дақиқасида Влап жарима майдончаси ташқаридан жамоасининг иккинчи голини киритди ва учрашув якунига қадар шу ҳисоб сақланиб қолди. Бу мағлубиятдан сўнг “Андижон” мусобақадаги иштирокини якунлади.
“Афсуски, жуда муҳим баҳсда мағлубиятга учрадик. Бу ўйиндаги ижобий натижа гуруҳдан чиқиш имкониятимизни ҳосил қиларди. Албатта, ўзимиздан кўра кучлироқ жамоага ютқаздик, деб ўйлайман. Афсуски, биз фақат ғалабага бўлган иштиёқни кўрсата олдик, холос. Бошқа йўналишлар бўйича эса биз рақиб билан рақобатлаша олмадик. Объектив ёндашадиган бўлсак, йигитларга жон-жаҳди билан ҳаракат қилишгани учун миннатдорлик билдираман. Улар майдонда нима қилиш керак бўлса, барчасини бажаришди”, дейди Самвел Бабаян ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.
Шу тариқа, “Андижон” жамоаси ОФК Чемпионлар лигаси 2-мусобақасининг “Б” гуруҳида 6 та ўйиндан кейин 5 очко жамғариб, сўнги ўринни эгаллаган ҳолда мусобақани якунлади.