Андижон ҳокими ҳам лавозимига тасдиқланди
Жамият
−
07 Ноябрь
7618Шуҳратбек Кўшоқбоевич Абдураҳмонов Андижон вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 7 октябрь куни Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессияси ўтказилган. Унда вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Баҳтиёржон Расуловнинг жорий йил 27 октябрь санасида бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисидаги ахбороти тингланган.
Маслаҳатлашувда Андижон вилояти ҳокими лавозимига Президент томонидан Шуҳратбек Қўшақбоевич Абдураҳмонов номзоди кўрсатилгани билдирилди. Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши қарорига мувофиқ, Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Шунингдек, сессия иши давомида депутат Ўктамжон Охунов халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши раиси этиб сайланди.
Бундан ташқари, сессияда халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳлари рўйхатдан ўтказилиб, вилоят кенгаши регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қонунчиликка кўра, вилоят ҳокими лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилади ҳамда ушбу номзод бўйича партия гуруҳлари билан маслаҳатлашув ўтказилади. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига (Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият бошлиғини лавозимига тайинлаш ва лавозимдан озод этиш) кўра, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳар ҳокими этиб тайинланиши мумкин эмас. Ҳокимларнинг ваколатлари муддати – 5 йил.
Конституциянинг 123-моддасига кўра, вилоят ҳокимларининг ваколатига Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ҳамда фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг, юқори турувчи ҳокимларнинг ва тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини бажариш; ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш; маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш киради.
Маълумот учун, Шуҳратбек Абдураҳмонов 2013 йил 1 апрелда Андижон вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган, 2013 йил 26 апрель куни Халқ депутатлари Андижон вилоят сессиясида унинг номзоди вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланган. У шундан бери Андижон ҳокими сифатида ишлаб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бунгача Самарқанд, Хоразм, Навоий, Жиззах, Бухоро, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Фарғона вилояти ҳокимлари ҳам лавозимларига тасдиқланганди.