Амирсой, Чимён, Белдерсой йўлларида ҳаракат 1 томонлама ташкил этилди (видео)
Жамият
−
02 Январь 2531 1 дақиқа
Бугун, 2 январь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган дам олиш масканларига олиб борувчи йўллар бир томонлама ташкил қилинмоқда. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, тоғли ҳудудларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда тирбанликларни олдини олиш мақсадида Амирсой, Чимён, Белдерсой каби дам олиш масканларига олиб борувчи автомобиль йўлида транспорт воситаларининг ҳаракати бир томонлама ташкил этилиши белгиланган.
Хусусан, 4R6 Тошкент-Чирчиқ-Чимён автомобиль йўлининг 57 километридан бошлаб, мазкур йўлнинг 92 километригача, яъни 4R10 автомобиль йўли билан туташ жойига қадар ҳаракат бир томонлама ташкил этилмоқда.
Бўстолиқ тумани ҳокимининг тегишли фармойишига кўра, ушбу йўлда ҳайдовчиларга қулай ва тушунарли бўлиши учун автомобиль йўлларига тақиқловчи, буюрувчи ҳамда ахборот кўрсаткич йўл белгилари ўрнатилиши белгиланган.
Ҳаракат бир томонлама ташкил этилган йўлнинг бошида “бир томонлама ҳаракатли йўл” ва “йўлнинг охирида бир томонлама ҳаракатли йўлнинг охири” йўл белгилари, шунингдек ҳаракатланиб кириш тақиқланган қисмида “тақиқланган” йўл белгиси ўрнатилган.
“Барча ҳаракат иштирокчиларидан ушбу ташкил қилинган чора-тадбирларни тўғри тушунган ҳолда тартибга солувчилар, яъни йўл-патруль хизмати инспекторларининг ишораларига, йўлбелги ва чизиқлар талабларига риоя этишларини, эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишларини, умуман олганда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишларини сўраймиз”, дейилади хабарда.
Live
Барчаси