Таътил рўзғор дардидаги ўзбекка орзулигича қоладими?

Таҳлил

Ўзбекистонликлар, оила, бола-чақа ташвиши, тўй-ҳашам дардида юрган, ўғлимни уйлайман, қизимни узатаман ёки ўқитиб, йўлини топишига кўмаклашаман, жуда бўлмаганда уй солиб, ватанли бўламан деб эртаю кеч терга ботиб меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар дам оладими? Мен якшанбани назарда тутаётганим йўқ. Зотан аллақачон якшанбани ҳам тақвимдан дам олиш куни рўйхатидан ўчириб юборганлар талайгина. Гап, ўзбекистонликларнинг йилда бир бўлса ҳам соғломлаштириш марказлари, санаторийлар ёки тоғ-ён бағирларидаги дача, меҳмонхоналарда стандарт бўйича бир ҳафтадан 10 кунгача ёки 2-3 кун оиласи билан ҳордиқ чиқариши ҳақида бормоқда. 

Ўзбекистонликлар учун дам олиш тушунчаси у қадар оммалашмаган. Тан олайлик, бундан 5-6 йил аввал одамлар фақат орзу-ҳавас, тўй-ҳашам учун борини тикарди, саломатлигини тиклаш, йилда бир танага дам бериш ҳеч қачон асосий режалар қаторида бўлмаган. Фақат айрим тоифадагилар, тўғрироғи дачаси борлар дам олиш кунларини оила даврасида дачада ўтказарди. Чет элга чиқувчилар кўпинча хориждаги бозорларни кезишни дам олиш, деб тушуниб келган. 

Давлат ишида ишлайдиганлар эса бир неча йилда бир келадиган навбати билан Касаба уюшмаларидан бериладиган йўлланмани кутиб кўзи тўрт бўлгани ҳам рост ва кута-кута умри ўтаётганлар ҳамон талайгина. Йўлланма кутаётганлар кўп, саноторийлар сони эса чекланган, уларга навбат билан борадиганларга кўрсатиладиган хизматлар ҳам ҳаминқадар. Агар тижорат йўли билан навбатсиз борсангиз, санаторийнинг тўри сизники. 

Денгиз ва океанга мутлақо ёпиқ, пировардида ҳудудининг катта қисми чўллардан иборат Ўзбекистон аҳолиси таътилни ўтказиш, ҳордиқ чиқариш ва соғлиғини тиклаш учун кенг танловга эга эмас. 

Мамлакатнинг энг баҳаво жойлари, тоғ ён-бағирлари, чиройли табиат ва шифобахш сувли манзиллари аллақачон тижорат мақсадида қимматбаҳо меҳмонхона ёки меҳмонхона типидаги санаторийлар, курорт ва соғломлаштириш масканларига айлантирилгани боис рўзғор дардида юрган оддий ўзбекистонликлар хоҳлаган вақтида, айтайлик, йилда бир марта бўлса ҳам бундай жойларга боролмайди. Кўзларини табиат чиройидан баҳра олдириб, тоза ҳавога тўйиб, сув бўйида дам олиш эса қўпол қилиб айтганда, “бешеная сумма”га айланади! Ойдек равшанки, бунга ҳамманинг ҳам қурби етмайди.

Аслида, диққатга сазовор жойларнинг кўнгилочар марказларга айлантирилиши, ташриф буюрувчиларга ҳар томонлама халқаро стандартларга мос равишда хизмат кўрсатишга ҳаракат қилиниши, бу орқали ички туризмнинг ривожланиши, қисқа қилиб айтганда, буларнинг барчаси тизимлаштирилиши яхши, албатта. Аммо бунинг нархи қанча бўлиши керак?

Ҳозирда Ўзбекистонда давлат тасарруфидаги ва хусусий 600 га яқин санаторий, дам олиш уйлари, пансионатлар, оромгоҳлар фаолият юритаётгани ва уларнинг сони ортиб бораётгани айтилади. Давлат ҳам соғломлаштирувчи туризм соҳасини фаол қўллаб-қувватламоқда. Масалан, Президентнинг 2024 йил 23 сентябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикасида тиббий ва соғломлаштириш туризмини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида  тиббий туризм кластерларини ташкил этиш ва меҳмонхона-санаторияларни юлдузли тизим бўйича сертификатлаш назарда тутилган.

Ҳукумат бел боғлаган тиббий туризм ривожлантиришида, албатта, санатория каби соғломлаштириш муассасаларининг аҳамияти беқиёс.

Давлат санаториялари асосий эътиборини кексалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларга қаратади, ишлайдиган фуқаролар учун эса Касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги санаториялар мавжуд.

Аммо хоҳласангиз, ҳар икки категорияга кирмасдан туриб ҳам санаторияларда дам олишингиз, соғлиғингизни тиклашингиз мумкин. Фақат чўнтагингиз “тижорат мақсадида” номи билан бурканган бир неча баробар қиммат бўлган тўловни кўтарса, бас.

Нархлар, тўловлар ҳақида бежиз бот-бот гапирмаяпмиз. Биз Ўзбекистондаги бир неча санаторияларда дам олиш қанчага тушиши билан қизиқдик. Хўш, одамларнинг ҳақиқатан ҳам Ўзбекистоннинг нари борса 2 соатлик узоқликда жойлашган тоғ ён-бағирларидаги дам олиш масканларида бир кун қолиш тўлови чет элдаги 5 юлдузли меҳмонхоналарникидан бир неча баробар қимматлиги ростми? Рост, албатта!

Масалан, санаторий деганда ўзбекистонликларнинг биринчи бўлиб кўз олдига келадиган “Зомин” санаторияси. Бу ерда стандарт хонадаги 10 кунлик соғломлаштириш ҳордиғи бир киши учун 5 миллион 184 минг сўмдан 6 миллион 240 минг сўмгача тушади. Агар люкс хонани танламоқчи бўлсангиз, бу рақамлар 6 миллион 837 мингдан 7 миллион 994 минггача ўзгаради. Мабодо икки киши дам олишни режалаштирсангиз, нархларни тасаввур қилаверинг.

Мазкур мақолани тайёрлаш жараёнида шу аниқ бўлдики, хоналарнинг асосий қисми аллақачон банд қилинган. Масалан, агар Касаба уюшмаси йўлланмасига эга бўлмасангиз, сентябрь ойининг 15 санасигача “Зомин” санаториясига кела олмайсиз.

Аммо умидсизликка тушманг. Чунки тўғридан-тўғри чиқсангиз, жой йўқ деган жавобни олишингиз мумкин, бироқ тур фирмалар орқали ушбу соғломлаштириш марказидан истаган вақтингизга жой банд қилсангиз бўлади. Хусусий тур фирмалардан бири “Зомин” санаториясидаги икки кишилик стандарт хоналар учун кунига 1 миллион 495 минг сўмдан 1 миллион 800 минг сўмгача нарх белгилаган. Люкс хоналар нархи эса 1 миллион 980 минг сўмдан 2 миллион 310 минг сўмгача бўлган суммани ташкил этади. Агар икки кишилик шундай хоналардан бирини ўн кунга банд қилмоқчи бўлсангиз, 23 миллион 100 минг сўм тўлашингизга тўғри келади.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси тасарруфидаги санаториядан фирма орқали жой топсангиз, камига яна шунча пулга...

Кейинги манзилимиз асосан ички касалликларни даволашга ихтисослаштирилган Тошкент шаҳридаги “Чинобод” санаторияси. У ерда қолиш киши бошига кунига 360 минг сўмдан 875 минг сўмгача тушади. Стандарт хоналар 360 минг сўмдан, люкс хоналар эса 800 минг сўмдан бошланади. Агар соғломлаштириш марказининг энг яхши хонасида ўн кун қолишни истасангиз, бу сизга 8 миллион 750 минг сўмга тушади.

Интернетдаги маълумотларга кўра, агар мазкур санаторияга тур фирмалари орқали борсангиз, хона тури ва ўрнига қараб, нархлар кунига 1 миллион 440 минг сўмдан бошланиб, 2 миллион 880 минг сўмгача етади.

Тошкент шаҳрида жойлашган яна бир санатория юрак-қон томир аъзолари, асаб тизими, андрологик ва гинекологик касалликларини даволашга ихтисослашган “Турон”да қолиш бир киши учун бир кунга 700 минг сўмдан 859 минг сўмгача бўлади. Мазкур нархлар люкс хоналар учун, стандарт хоналар эса фақатгина йўлланмага эга мижозлар учун берилиши мумкин. Юқоридаги каби ушбу санаторийда ҳам ўн кун люкс хонада қолиш бир киши учун 8 миллиондан кўпроққа тушади.

“Турон” санаториясига ҳам тур фирмалари орқали ташриф буюриш мумкин ва шундай фирмаларнинг бири марказдаги 12 кунлик дам олиш учун киши бошига хона статусига қараб 7 миллион 480 минг сўмдан 11 миллион 300 минг сўмгача бўлган таклифларни эълон қилган.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган юрак-қон томир ва асаб тизими, нафас олиш органлари ва аллергия касалликларини даволашга ихтисослашган “Севарсой” санаториясида икки кишилик стандарт хоналар 2 миллион 300 минг сўмдан бошланади. Люкс хоналар эса 4 миллион сўмдан.

Касаба уюшмалари тизимидаги мазкур санаториянинг энг яхши хонасида икки киши ўн кун қолишни режалаштирсангиз, чўнтагингизда камида 40 миллион сўм пул бўлиши керак.

Очиқ манбалардаги маълумотларга қараганда, хусусий тур фирмалари таклиф қилаётган нархлар ҳам бундан кўп фарқ қилмаган ҳолда бир неча юз минг сўм қимматроқ.

Юрак-қон томир ва асаб тизимлари ҳамда ошқозон-ичак касалликларини даволашга ихтисослаштирилган Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Ботаника” санаториясида стандарт хоналар киши бошига бир кунга 445 минг сўмдан 540 минг сўмгача тушади. Люкс хоналар эса 680 минг сўмдан. Агар “Ботаника” санаторияси люкс хонасида ўн кун қолишни истасангиз, 6 миллион 800 минг сўм тўлашингиз керак бўлади.

Тур фирмалар эса мазкур соғломлаштириш масканлари учун икки кишилик хоналарга 890 минг сўмдан 1 миллион 360 минг сўмгача бўлган таклифларни бермоқда.

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида жойлашган кардиологик, неврологик, таянч ҳаракат, гинекологик, стоматологик ва урологик касалликларни даволашга мўлжалланган “Хўжаипок” санаториясида стандарт хоналари учун бир киши бир кунга 380 минг сўмдан тўлайди. Бундан ташқари, мазкур соғломлаштириш марказида 480 минг сўмлик хоналар ҳам мавжуд бўлиб, ўн кун учун банд қилсангиз, 4 миллион 800 минг сўм тўлов қилишингиз керак бўлади.

Агар мазкур санаторийга тур фирмалари орқали борсангиз, хона тури ва ўрнига қараб, нархлар кунига 1 миллион 55 минг сўмдан бошланиб, 2 миллион 110 минг сўмгача етади.

Биз шунингдек, бир қанча хусусий соғломлаштириш марказларидаги нархлар билан ҳам танишдик.

Масалан, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Tibet Mounts Flora” санаториясида икки кишилик стандарт хона бир кунга 1 миллион 680 минг сўм. Агар бир кишилик стандарт хонада қолишни режалаштирсангиз, 2 240 000 сўм тўлайсиз. Икки кишилик ярим люкс хона нархи эса бир кеча учун 3 580 000 минг сўмни ташкил этади. 2-3 кунлик йўлланмалар тиббий текширувларни ўз ичига олмайди, фақатгина 4 кунга жой брон қилиш орқали кордиолог текширувидан ўтишингиз мумкин. 8 кунлик жой брон қилганингиздан кейин эса 10 % чегирма олиш мумкин ва бунда сизга бор-йўғи битта аъзойингизни ултратовуш текширувидан ўтказиш имкони тақдим этилади. Тақди этилаётган хизматларнинг 10 кунлик нархини эса ўзингиз ҳисоблайверинг.

Тоғ ён-бағрида ястаниб ётган бу соғломлаштириш масканига ҳар қандай ўзбекистонлик ҳам бора олмаслиги аниқ. Масалан, ўқитувчилар бора оладими? Шифокорлар-чи? Ҳолбуки, Анталиянинг пляжларига эга денгиз бўйидаги меҳмонхоналарида бир ҳафта дам олиш чипта нархини ам қўшганда шу пулга айланяпти. Майли, бунга бироздан кейин тўхталамиз. 

Бўстонлиқда жойлашган меҳмонхоналардан яна бири бўлган “Арчазор”да дам олиш кунлари стандарт, ярим люкс ва люкс хоналар 2,1 млн, 2,3 млн ва 3,1 миллионни ташкил этмоқда. Ушбу қиймат ичида эса фақат нонушта тақдим этилади, холос. Нархлар тиббий кўриклар ёки бошқа соғломлаштирувчи хизматларни ўз ичига олмайди, айтилганидек, бу санатория эмас, меҳмонхона.

“Тошкент минерал сувлари” санаториясида икки кишилик стандарт хоналар нархи 2 миллион 500 минг сўмдан, люкс хоналар эса 3 миллион 200 минг сўмдан бошланади. Агар супер люкс хона банд қилмоқчи бўлсангиз, 4 миллион 300 минг сўм тўлашга тайёр туришингиз лозим. Шунингдек, ушбу санаторияда коттежлар ҳам мавжуд бўлиб, “regular” яъни оддий типдаги икки кишилик коттежнинг бир кунлик тўлов нархи 3 миллион 400 минг сўм. Люкс коттеж нархлари бундан бироз қимматроқ бўлиб, икки кишилиги 4 миллион сўм, тўрт кишилиги эса 5 миллион сўм.

Мазкур нархлар ичига парҳез таомланиш, тиббий мутахассислар билан ишлаш ва физиотерапия машқлари киради. Қолаверса, масканда сауналар, спорт майдонлари, кутубхона, косметология каби қўшимча хизматлар ҳам кўрсатилади.

Навбатдаги манзил “Амирсой” дам олиш масканини одатда “бойлар борадиган жой” деб аташади. Нархлар билан танишиб чиқар экансиз, бу иддаоларнинг бежиз эмаслигига ишончингиз комил бўлади. Масалан, дам олиш ҳудудида жойлашган 4 юлдузли меҳмонхонанинг икки кишилик энг оддий хоналари кунига 1 миллион 600 минг сўмдан бошланади.

Алп тоғлари этакларида жойлашган ёғоч уй кўринишидаги алоҳида турар жойни англатувчи шале (chalet)лар ўзимиз билган “Амирсой”да ҳам мавжуд. Шундай шалеларнинг нархига тўхталадиган бўлсак, тўрт кишилик делюкс шале нархи кунига 4 миллион 300 минг сўмдан, премиум делюкс эса 5 миллион 200 минг сўмдан бошланади. Агар саккиз кишилик шале банд қилмоқчи бўлсангиз, кунига 8 миллион 900 минг сўмдан тўлашингизга тўғри келади. Таъкидлаб ўтиш керакки, мазкур нархлар ичига нонушта, телевизор, камин, терасса ва мини бар киради, холос.

Фарғона шаҳри яқинида жойлашган таянч-ҳаракат ва асаб тизими, қон айланиш аъзолари, гинекологик ва урологик касалликларини даволашга ихтисослашган “Коинот кавсари” санаториясида стандарт хоналар бир киши учун кунига 280 минг сўмдан, люкс хоналар эса 450 минг сўмдан бошланади. Мазкур соғломлаштириш марказида эҳтиёжга қараб пулли хизматлар ҳам кўрсатилади.

Бизга қанчалик адолатсиз нархдек кўринса ҳам хусусий дам олиш ва соғломлаштириш масканлари жойлашуви ва кўрсатадиган хизмати каби факторларга кўра эркин нарх белгилашлари мумкин, буни чеклайдиган қонун йўқ. Аммо Касаба уюшмалари тасарруфидаги баъзи санаториялар ўзини-ўзи молиялаштирувчи субъект эканини важ қилган ҳолда нарх белгилашда хусусий тадбиркорлардан ҳам қолишмаяпти. Лекин таъкидлаш керакки, улар давлатдан катта имтиёз ва енгилликлар қабул қилади.

Ички туризмни ривожлантириш ҳақида кўп гапирилади, бироқ бундай юқори нархлар унча-мунча одамни ўйлантириб қўяди.

Тур фирмаларидан бири жойлаган интернетда мавжуд эълонга кўра, Туркияда Ўрта Ер денгизи, турк ўрмонлари билан ўралган қадимий шаҳар Фатҳия манзараларидан баҳраманд қилувчи, пляж ва шаршараларга эга курорт нархи бир киши учун 11 кунлик нарх ўзбек сўмида 19 миллион сўмни ташкил этади.

Пляжлар, сув парклари, замонавий гольф майдончалари, от миниш ва профессионал фитнес қулайликларига эга “Duja hotel Bodrum 5” меҳмонхонасида икки кишилик хонанинг ўн кунлик нархи 16 миллион сўмдан бошланади.

Ушбу меҳмонхона ва курортлар денгиз бўйи, тоғ бағри ва бетакрор табиат қўйнида жойлашган бўлса-да, биз юқорида санаган маҳаллий дам олиш масканларимиздан арзонроқ ҳам тушар, балки.

Аслида, дам олиш масканлари дефицити бугун туғилган муаммо эмас. Таътил ва дам олиш кунлари ҳордиқ чиқариш мумкин бўлган ҳар қандай манзил узундан-узун турнақатор навбат ва тартибсизликка тўлиб кетади. Аммо бунда одамларни айблаш ҳам адолатсиздек. Чунки ҳар қандай инсон соғлиғини тиклаш, стрессни енгиллаштириш ва нафас ростлашга муҳтож. Айтишади-ку, “яхши дам – меҳнатга ҳамдам”.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Амирсой Зомин Ботаника Чинобод Севарсой Хўжаипок Tibet Mounts Flora Арчазор Коинот кавсари Duja hotel Bodrum 5

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг