Мирзиёев Чимёндаги боғга борди
Жамият
−
15 Сентябрь 8360 2 дақиқа
Бугун, 15 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Бўстонлиқ туманининг Чимён маҳалласида барпо этилаётган агросаноат боғини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бўстонлиқда сув мўл, ер унумдор. Бунга асосланиб, туризм ва аграр соҳа уйғун ривожлантирилмоқда. Жумладан, Чимён маҳалласида 3 минг гектар майдонда малина, қорағат, қулупнай, ўрмон ёнғоғи каби меваларни етиштириш йўлга қўйилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 60 миллион доллардан ортиқ. Бу маблағ эвазига боғлар ташкил этилади, мевани қайта ишлаш корхоналари ҳамда катта сиғимли омборхоналар қурилади.

Айни пайтда 50 гектар майдонда малина ва қулупнайнинг хорижий экспортбоп навлари экилган. Боғ тўлиқ томчилатиб суғорилади. Малинанинг ҳар гектаридан 400 миллион сўм, қулупнайдан эса 500 миллион сўмгача даромад олинади. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг йилига 24 минг тоннага яқин маҳсулот етиштирилади. Унинг салмоқли қисми – ўрмон ёнғоғи ва резаворлар экспортга йўналтирилади. Энг муҳим жиҳати, боғларда 12 мингдан зиёд киши ишли бўлади.

“Давлат раҳбари лойиҳани қўллаб-қувватлаб, энди қайта ишлашни ривожлантириш кераклигини таъкидлади. Бунинг учун навни танлашдан тортиб, ишлов бериш, меваларни териш ва саралаш жараёнларигача замонавий ёндашув талаб этилади. Бу маҳсулотларнинг сифати ва харидоргирлигини таъминлаб, экспортда ҳам муҳим ўрин тутади. Боғ яшнаб, атрофида корхоналар ва турдош хизматлар кўпайгани сари одамлар узоққа қатнамай, шу ерда ишлайди. Қўшимча даромад манбаи пайдо бўлиб, ҳудуд иқтисодиёти ривожланади”, дейилади хабарда.

Президент бошқа адир ва яйловлар имкониятини ҳам ўрганиб, шундай сердаромад боғлар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган.
“Бу боғда ерга меҳр, сидқидилдан қилинган меҳнат кўриниб турибди. Натижаси, аввало, даромад, халқимизга манфаат. Бу жиҳатлари бошқа анъанавий экинларга нисбатан бир неча баробар юқори. Шунинг учун бундай маҳсулотлар етиштиришни кўпроқ одамларга ўргатиб, даромадини кўпайтириш керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги янги туризм мажмуаси имкониятлари билан яқиндан танишгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси