“Америка бутун дунё ҳурматини йўқотди”. Байденга импичмент эълон қилиш таклиф этилди 

Олам

image

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси аъзоси Маржори Тейлор Грин парламентга Президент Жо Байденга учта импичмент эълон қилишни таклиф қилди.  

Таъкидланишича, республикачи Грин 10 минг америкаликни “Толибон” ҳаракати ҳукмронлиги остида қолдиргани учун Байденни ҳокимиятдан четлатиш тўғрисида Конгрессга резолюция лойиҳаларини тақдим этган. 

Унинг сўзларига кўра, Президент АҚШнинг жанубий чегарасида инқирозга йўл қўйиб, иммиграцион қонунларни бузган ва ижарачиларни кўчириш бўйича мораторийни узайтирган ҳолда, Олий суднинг позициясига зид равишда, ўзига қонун чиқариш ваколатини олган. 

“Жо Байден Президент бўлган қисқа етти ой ичида Америка бутун дунё ҳурматини йўқотди. Далиллар аниқ, унинг ҳаракатлари эса шунчалик шафқатсизки, унга дарҳол импичмент эълон қилиниши керак”, дейилган Гриннинг баёнотида. 

Қайд этилишича, унинг ташаббусининг Конгрессда муваффақият қозониши эҳтимоли кам, чунки қуйи палата Байденнинг демократ шериклари томонидан назорат қилинади. 

Маълумотларга кўра, Грин жамоатчиликни бир неча бор ҳайратда қолдирган: ҳар хил фитна назарияларини илгари сурган, коронавирус хавфини шубҳа остига олган ва эпидемиянинг олдини олиш учун белгиланган чораларга қарши чиққан, бунинг учун Twitter уни бир неча бор блоклаган. 

Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден Афғонистон фуқаролари тўлиқ эвакуация қилинмагунча Америка ҳарбийлари мамлакатда қолишини айтиб ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

импичмент Байден

Баҳолаганлар

923

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг