Амалдорларнинг ҳар бирига 5 тадан шароити энг оғир оила бириктирилади – Мирзиёев
Жамият
−
11 Сентябрь
6163Ўзбекистонда республика даражасидаги 250 нафар амалдорга энг оғир 1000 та маҳалла боғлаб берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 11 сентябрь куни маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, камбағал оилалар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
“Туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари камбағал оилалар хонадонига кириб, бу ердаги шароитни ўз кўзи билан кўрсагина натижа бўлади. Одамларга қанча ёрдам бермайлик, маҳаллалар шароитини яхшиламасак, камбағаллик қисқармайди”, деган Мирзиёев.
Шу сабабли, 2025 йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга барча манбалардан 1,6 миллиард доллар ажратилади. Бу маблағларнинг 1,2 триллион сўми, аввало, энг оғир 300 та маҳаллада сув насослари ва қуёш панеллари ўрнатишга берилади. Яна 2 триллион сўм ҳисобидан энг оғир 500 та маҳаллада электр, йўл, интернет ва бошқа инфратузилма масалалари ҳал этилади.
Бу ишларни амалга ошириш учун вазирлар, ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, бошқарма бошлиқларидан иборат 250 нафар раҳбарга энг оғир мингта маҳалла боғлаб берилади. Шунингдек, вилоятдаги 2 минг ва тумандаги 12 минг нафар раҳбарнинг ҳар бирига 5 тадан шароити энг оғир оила бириктирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги ҳар бир камбағал оилада, айниқса, хотин-қизлар орасидан камида 1 нафар олий маълумотли бўлиши учун шароит яратилиши маълум қилинганди. Камбағал оилалар фарзандларини боғча, мактаб, техникум ва олийгоҳларда сифатли таълим олишини ташкил қилиш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш масалаларини мувофиқлаштириш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева зиммасига юклатилди.
LiveБарчаси