Амалдорларга яна бир мажбурият юкланиши мумкин
Жамият
−
16 Декабрь 2020
7869Ўзбекистонда давлат идораларининг турли даражадаги раҳбарлари ўплаб фойдаланувчиларга эга ижтимоий тармоқларда саҳифасини очади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органлари фаолиятини ёритиш учун ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида белгиланган.
Қарорга мувофиқ 2021 йил 1 февралдан бошлаб қуйидагича тартиб ўрнатилади:
а) давлат идоралари фаолиятини доимий ёритиб бориш ҳамда амалга оширилаётган лойиҳаларни жамоатчиликка тезкор ва тушунарли етказиб бериш орқали ташкилотнинг ижобий имижини шакллантиришга доир вазифаларни амалга ошириш жараёнида ҳаморликда ишловчи журналист ва фойдаланувчилар сони юқори бўлган блогерлардан иборат “Медиа пул” ташкил этади;
б) журналистларнинг аккредитация қилиш тўғрисидаги ёзма ва электрон мурожаатлари давлат идоралари томонидан тегишли мурожаат олинган кундан бошлаб кўпи билан уч иш кунида кўриб чиқилиши белгиланади;
в) давлат идоралари ўзларининг жамоатчилик кенгашлари фаолияти ва аъзолар рўйхатини қайта кўриб чиқади ва жамоатчилик кенгашлари таркибига камида бир нафардан фаол журналист ва/ёки блогерни киритиш чоралари кўрилади;
г) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерларнинг мониторинги натижасида аниқланган давлат идоралари фаолиятига тааллуқли, аҳолининг кенг қатлами онгига салбий таъсир кўрсатувчи материал ва маълумотларга давлат идораларининг тезкор муносабат билдириш муддати бир кун қилиб белгиланади;
д) давлат идоралари ҳар чоракда камида бир марта оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун очиқ бўлган матбуот конференциялари, брифинглар ташкил этиш ва интервьюлар, савол-жавоблар ўтказиш йўли билан жамоатчиликка доимий ҳисобот бериб боради;
е) давлат идораларининг турли даражадаги раҳбарлари “Facebook”, “Twitter”, “Instagram”, “Telegram” каби кўплаб фойдаланувчиларга эга ижтимоий тармоқлар, мессенжерларда ўз расмий саҳифаларини очади ва уларни белгиланган тартибда верификация қилиш чораларини кўради;
ё) давлат идораларининг биринчи даражали раҳбарлари ахборот хизматлари билан биргаликда Интернет тармоғидаги “Wikipedia” мустақил интернет-энциклопедиясида алоҳида веб-саҳифа очиб, ўзи бошқараётган давлат идораси ва ўзининг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўзбек, рус, инглиз тилларида жойлаштиради;
ж) давлат идоралари 2021 йил якунига қадар ўзларининг очиқ маълумотлари ва янгиликларини мобиль қурилмалар орқали қулай, тезкор равишда олиш имкониятини тақдим этувчи “Android” ва “iOS” операцион тизимларида ишловчи мобиль иловаларни ишга туширади ҳамда мазкур иловалардаги ахборот, маълумотлар базасини Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг очиқ маълумотлар портали (opendata.gov.uz) билан интеграция қилиш чораларини кўради;
з) давлат идораларининг раҳбар ходимлари ўз расмий саҳифаларида ҳафта давомида камида уч марта бошқарувидаги давлат идораси фаолиятига дахлдор бўлган ахборотни жойлаштириб боради ҳамда мазкур саҳифалар орқали жамоатчилик фикрини ўрганиб, мурожаат ва саволларга жавоб бериб борилишини ташкил этади;
и) давлат идоралари ахборот хизматлари, таркибий тузилмалар мунтазам равишда ўз раҳбарларини ташкилот фаолияти билан боғлиқ бўлган ахборот материаллари билан таъминлайди ҳамда раҳбар ходимларнинг расмий саҳифаларидаги ахборотларини ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг миқёсда тарқатилишини амалга оширади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь