Алоҳида компанияларга берилган монопол ҳуқуқ ва имтиёзларни босқичма-босқич бекор қиламиз – Мирзиёев

Жамият

image

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни қатъий давом эттиради. Алоҳида компанияларга берилган монопол ҳуқуқ ва имтиёзларни босқичма-босқич бекор қилиб, барчага тенг ҳуқуқлар берилиши таъминланади. Бу ҳақда бугун, 31 август куни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўз очди.

“Биз Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни қатъий давом эттирамиз. Алоҳида компанияларга берилган монопол ҳуқуқ ва имтиёзларни босқичма-босқич бекор қилиб, барчага тенг ҳуқуқлар берилишини таъминлаймиз”, дейди Президент.

Мирзиёевнинг айтишича, жорий йилда энергетика, нефть-газ, сув хўжалиги, йўл қурилиши, темир йўл ва аэропорт хизмати соҳаларида 17 турдаги давлат монополиясини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Президент бу ишларни давом эттириб, мамлакатни халқаро савдо маконининг ажралмас қисмига албатта айлантиришини айтди.

“Яна бир долзарб масала – аҳолини муносиб иш ўринлари билан таъминлашдир. Биз бу борада тадбиркорларимизга таянамиз. Шу боис, уларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтирамиз.

Тадбиркорлар билан ҳар йили юзма-юз мулоқот қилмоқдамиз. Уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиб, соҳани қўллаб-қувватлаш учун тегишли қарорлар қабул қиляпмиз.

Замоннинг ўзи тадбиркорларимиздан кенг миқёсда фикрлаб иш юритишни, жаҳон бозорларида рақобатдош маҳсулот яратишни талаб этмоқда.

Бу йўлда уларга омад ва ютуқлар тилаймиз”, дейди Президент.

Шунингдек, у мамлакатда демократик ислоҳотларни изчил давом эттириб, халқни рози қилишга, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга бор куч ва имкониятларини сафарбар этишини айтди.

“Қуролли Кучларимизни замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш, уларнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга бундан буён ҳам улкан эътибор қаратамиз. Лекин тинчликни сақлаш фақат ҳарбийларимизнинг иши бўлиб қолмаслиги керак. Бу барчамизнинг, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи бўлиши шарт. Юртнинг кучи – бирликда, қадри эса тинчликдадир!” дейди Мирзиёев.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг