Алламжоновни ўлдиришга уринишда гумонланаётган чеченлар қидирувга берилди

3-саҳифа

image
Рамзан Қодиров Алламжоновга таҳдид қилди north_east

Рамзан Қодиров Алламжоновга таҳдид қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган қотилликка суиқасд қилиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида   Россия Федерацияси фуқаролари Бислан Расаев ва Шамил Темурхонов қидирувга берилган. Бу ҳақда Бош прокуратура расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, Бош прокуратура томонидан Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган қотилликка суиқасд қилиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида Россия Федерацияси фуқаролари Бислан Расаев ва Шамил Темурхонов қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга кириш ва чиқиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ҳамда ўқотар қуролнинг қонунга хилоф муомаласи каби жиноий ҳаракатларни содир этганликлари аниқланган.

Бислан Расаев ва Шамил Темурхонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан сиртдан айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда қидирув эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Комил Алламжоновга суиқасд қилишга уринишдан сўнг тарқалаётган хабарлар фонида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров яна баёнот билан чиқиб, суиқасдга учрагани айтилган шахслар Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига очиқчасига таҳдид қилган эди.

Алламжоновга суиқасд 

26 октябрь куни соат 01:40 ларда фуқаро С.С.нинг бошқарувидаги Range Rover русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида 2 нафар номаълум шахслар мазкур автомашинага ўқотар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинган. Ушбу ҳолатда бирор-бир шахс тан жароҳати олмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Бош прокуратура, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар, Ҳарбий, Транспорт прокуратуралари ҳамда ИИВ, вилоят, Тошкент шаҳар ИИББ, Божхона қўмитаси ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи тузилган.

Президент Администрацияси мулозими даражасидаги одамга суиқасд Ўзбекистоннинг яқин 25-30 йиллик тарихида кўзга кўринмаган, қулоқ билан эшитилмаган ҳолат бўлди. Бу иш кўпчиликда хавотир ҳам уйғотди. Куни кеча, 2019 йилдан бери Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси сифатида ишлаб келаётган, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов, ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи полковник Аҳроржон Ҳалимжонович Атхамов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев, Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи подполковник Темур Акрамович Собиров, Давлат хавфсизлик хизматининг Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган полковник Алижон Ғаниевич Ашуров, Ўзбекистон Бош вазирининг ёрдамчиси – Бош вазир қабулхонасининг мудири вазифасида ишлаб келаётган Сарвар Ғаниевич Ашуровларнинг лавозимидан озод қилиниши айнан собиқ администрация мулозими Комил Алламжоновга нисбатан уюштирилган суиқасд ва бу ишнинг тергови билан боғланмоқда. Албатта, юқорида номини санаганимиз қудратли курсилардан олинган шахсларнинг нима учун ишдан олингани ҳақида аниқ гап айтилганича йўқ. Қолаверса, бу ишлар Алламжонов билан боғлиқми йўқми деган саволга аниқ ва расмий жавоб берилмади. Аммо Алламжонов воқеасига оид шу вақтгача тарқалаётган норасмий хабарлар секин-аста ўз тасдиғини топмоқда.

Шунингдек, ОАВда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Дмитрий Лига ҳам суиқасд қилинган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга қилинган суиқасддан кўп ўтмай содир бўлган бу воқеа ҳам Алламжоновга дахлдорлиги айтилмоқда. 

Суиқасдни амалга оширганликда айбланиб, икки россиялик чечен фуқароси Ўзбекистон томонидан Интерпол қидирувига берилди. Булар:

•  Бислан Расаев 1988 йил 26 май куни Россияда туғилган. Аввалроқ у Украина ҳудудида қуролли тўқнашув қилганликда айбланган.
•  Шамил Темурхонов 1993 йил 10 август куни Россияда туғилган. Бўйи 1 м 90 см. Вазни 90 кг.
Қидирувга берилган ҳар икки эркак тоифаси қизил бўлиб, ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Комил Алламжонов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг