Рамзан Қодиров Алламжоновга таҳдид қилди

3-саҳифа

Ўзбекистонда яна суиқасд. Бунда чеченлар айбланмоқда north_east

Ўзбекистонда яна суиқасд. Бунда чеченлар айбланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга суиқасд қилишга уринишдан сўнг тарқалаётган хабарлар фонида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров яна баёнот билан чиқиб, суиқасдга учрагани айтилган шахслар Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига очиқчасига таҳдид қилди. Кеча, 26 декабрь куни у ўзининг Telegram-каналида таҳдидли пост қолдирди.

“Ўзбекистон Президенти, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев оиласидаги нифоқ ҳақидаги ғарбпараст ОАВлар томонидан миш-мишлар тарқалаётганини кузатяпман. Икки ойдан кўпроқ вақт олдин Ўзбекистонда собиқ амалдор Комил Алламжоновнинг ҳаётига суиқасд бўлганлиги ҳақида маълумот пайдо бўлган эди. Буни суиқасд деб аташ қийин. Оммавий ахборот воситалари зудлик билан баъзи манбаларга мурожаат қилишди (амалиёт шуни кўрсатадики, бу манбаларни ғарбпараст ОАВ ўйлаб топади), улар менинг суиқасдни тайёрлашда иштирок этганимни эълон қилишди. Ўшанда айтгандим, ҳозир ҳам айтаман: агар буни тайёрлаганимда, ишни ўша куни тугатган бўлардим. Мен ҳақимда бундай ёмон фикрда бўлмаслигингиз керак”, дейди Қодиров.

У иш бўйича текширув жараёни бошланганидан икки ой ўтгач, ўша “суиқасд”нинг яна бир муваффақиятсиз қурбони ролида Дмитрий Лининг тўсатдан пайдо бўлишини савол остига олган. 

“Менимча, ушбу воқеани чуқур ўрганиш билан бирга, ушбу воқеа устида ишлаётган терговчиларга нисбатан ҳам расмий текширув зарур. Ишончим комилки, бу шов-шувларнинг барчаси ичкаридан маълум бир гуруҳ томонидан ўзларининг узоққа чўзилган саҳна ортидаги ўйинлари учун фойдаланилмоқда.

Қандай бўлмасин, мен барча манфаатдорларга чечен изларини ҳар қандай ҳийла-найрангларга жалб қилмасликни қатъий маслаҳат бераман. Мен чечен сифатида Ўзбекистонда таъсир ўтказиш учун ҳеч нарса қилишим шарт эмас”, деган Чеченистон раҳбари.

Рамзан Қодиров Президент Шавкат Мирзиёев оиласи билан дўст эканини билдириб, бўлаётган ҳамма нарса Ўзбекистоннинг амалдаги Президенти атрофида тайёрланаётган нарсалар ҳақидаги биринчи хавотирли ва бир қарашда зарарсиз кўринган чақириқ эканини айтган.

“Рангли инқилобларнинг ғарбпараст сценарийлари ҳар хил, лекин улар ҳар доим кичик тўқнашувлар билан бошланади ва бу алоҳида ҳолатда мен Президентга содиқ одамларга, ишончли ўртоқлар обрўсига қандай ахборот ҳужуми борлигини аниқ кўраман.

“Суиқасд” билан боғлиқ шов-шувлар фонида баъзи оммавий ахборот воситалари Президентнинг қизи ва унинг куёви ҳокимиятга даъво қилиши мумкинлиги ҳақидаги яна бир ҳикояга эътибор қаратмоқда. Бу, албатта, кулгили.

Биринчидан, Шавкат Мирзиёевнинг қизлари унчалик аҳмоқ эмас. Иккинчидан, қайнотасини отадан бошқа сўз билан атамайдиган Отабек Умаровнинг феъл-атворини, фидойилигини кам одам билади. Бу Президентга ниҳоятда содиқ инсон, Шавкат Миромоновичга ёмонлик қилишни хаёл ҳам қилмайди. Мен Грознийга бошқа галактикадан ўзга сайёраликлар келишига ишонган бўлардим”, деб ёзган Рамзан Қодиров.

Унинг фикрича, кимдир яхши жамоани бузишга, тизимни бузишга ҳаракат қилмоқда. Қодировга кўра, бу мамлакат раҳбариятига таҳдид соладиган пухта ўйланган сценарий бўлиб, Президентни ишончли одамлардан маҳрум қилиш учун биринчи навбатда раҳбариятга содиқ шахслар ҳужумга учрамоқда. 

“Шу боис содир бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлмаган инсон сифатида ҳурматли Президент оиласи вакилларини баёнот билан чиқишга ва бу ифлос гап-сўзларга барҳам беришга чақираман. Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига қурбонлар ролини ўйнамасликни тавсия қиламан. Нимани режалаштираётган бўлсангиз, ўз вақтида тўхтатганингиз маъқул, акс ҳолда сиз барча интригалар, туҳматлар ва тахминлар учун жавоб беришингиз керак бўлади. Ва энди мен анъаналаримизга кўра жавоб ҳақида гапиряпман”, дея таҳдид қилган Рамзон Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда ҳам Рамзан Қодиров Ўзбекистон Президенти Администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасдда қўли борлиги ҳақидаги хабарларни рад этиб, буни провокация деб атаганди.  

Алламжоновга суиқасд 

26 октябрь куни соат 01:40 ларда фуқаро С.С.нинг бошқарувидаги Range Rover русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида 2 нафар номаълум шахслар мазкур автомашинага ўқотар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинган. Ушбу ҳолатда бирор-бир шахс тан жароҳати олмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Бош прокуратура, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар, Ҳарбий, Транспорт прокуратуралари ҳамда ИИВ, вилоят, Тошкент шаҳар ИИББ, Божхона қўмитаси ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи тузилган.

Президент Администрацияси мулозими даражасидаги одамга суиқасд Ўзбекистоннинг яқин 25-30 йиллик тарихида кўзга кўринмаган, қулоқ билан эшитилмаган ҳолат бўлди. Бу иш кўпчиликда хавотир ҳам уйғотди. Куни кеча, 2019 йилдан бери Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси сифатида ишлаб келаётган, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов, ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи полковник Аҳроржон Ҳалимжонович Атхамов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев, Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи подполковник Темур Акрамович Собиров, Давлат хавфсизлик хизматининг Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган полковник Алижон Ғаниевич Ашуров, Ўзбекистон Бош вазирининг ёрдамчиси – Бош вазир қабулхонасининг мудири вазифасида ишлаб келаётган Сарвар Ғаниевич Ашуровларнинг лавозимидан озод қилиниши айнан собиқ администрация мулозими Комил Алламжоновга нисбатан уюштирилган суиқасд ва бу ишнинг тергови билан боғланмоқда. Албатта, юқорида номини санаганимиз қудратли курсилардан олинган шахсларнинг нима учун ишдан олингани ҳақида аниқ гап айтилганича йўқ. Қолаверса, бу ишлар Алламжонов билан боғлиқми йўқми деган саволга аниқ ва расмий жавоб берилмади. Аммо Алламжонов воқеасига оид шу вақтгача тарқалаётган норасмий хабарлар секин-аста ўз тасдиғини топмоқда.

Шунингдек, ОАВда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Дмитрий Лига ҳам суиқасд қилинган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга қилинган суиқасддан кўп ўтмай содир бўлган бу воқеа ҳам Алламжоновга дахлдорлиги айтилмоқда. 

Суиқасдни амалга оширганликда айбланиб, икки россиялик чечен фуқароси Ўзбекистон томонидан Интерпол қидирувига берилди. Булар:

  • Бислан Расаев 1988 йил 26 май куни Россияда туғилган. Аввалроқ у Украина ҳудудида қуролли тўқнашув қилганликда айбланган.
  • Шамил Темурхонов 1993 йил 10 август куни Россияда туғилган. Бўйи 1 м 90 см. Вазни 90 кг.

Қидирувга берилган ҳар икки эркак тоифаси қизил бўлиб, ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Комил Алламжонов Рамзан Қодиров Дмитрий Ли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг