Алламжонов Саида Мирзиёевани Гулнора Каримова билан таққослашларига муносабат билдирди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёеванинг айрим хатти-ҳаракатлари, лойиҳалари, кийган либоси, тушган суратлари, ҳатто, уйида лағмон чўзаётгани Биринчи Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, собиқ Фонд Форум Васийлик Кенгаши раиси, айни вақтда қамоқдаги Гулнора Каримовага тенглаштирилаётганига Мирзиёева ва унинг атрофидагилар қандай муносабат билдиради. Ушбу саволга Комил Алламжонов BBC’га берган интервьюсида жавоб қайтарди.

“Биласизми, биз бунақа танқидларга жуда кўп дуч келамиз. Энди Гулнора Каримованинг ҳам қилмаган иши қолмаган экан-да. Нима иш қилсак, албатта, Гулнора Каримова ўтиб кетган, из қолдириб кетган бўлади. Гулнора Каримова бу ишларни қилди ё қилган экан, деб янги лойиҳалар, янги ғоялар пайдо бўлса, ўзимизни тиймаймиз. У давр ўзини даври эди, бу давр ўзини даври. У пайтдаги хатолар бизга кўпроқ бу йўлда хато қилишимизга ёки уларнинг қилган хатоларини бизга кўргазма, аслида. Биз шу хатоларни қилсак ёки шу лойиҳаларни шу хатолар билан қилсак, қандай оқибатга олиб келишини кўрганмиз. Бу бизга сабоқ. Лекин йўлимизни қайтаришга ёки бирор яхши, чиройли жамият ва одамлар учун фойдали бўлган лойиҳалар чиққанда, “вой. Шуни бир пайтлар Гулнора Каримова қилган экан”, деб тўхтамаймиз”, дейди Комил Алламжонов. 

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Комил Алламжоновнинг BBC’га берган интервьюси айнан Гулнора Каримованинг туғилган куни арафасида эълон қилинди. Гап шундаки, бугун, 8 июль куни Гулнора Каримова 49 ёшни қаршилади ва у ҳибсда. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, Фонд Форум васийлик кенгаши раиси, профессор ва маишацевар Гулнора Каримованинг “салтанат”и 2013 йилга келиб қулади. 2005 йилдан бошлаб ўзини маданият ва санъат, спорт, илм-фан, ахборот технологиялари ва ёшлар ғоялари раҳнамоси сифатида кўрсатишни бошлаган Гоогооша 2013 йилгача мамлакатда мислсиз қудрат соҳиби бўлгани ҳеч кимга сир эмас.

Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.

2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. 

Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова Комил Алламжонов Саида Мирзиёева

Баҳолаганлар

557

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг