Алламжонов BBC мухбири Тошкентда тақиққа учраганига муносабат билдирди
Жамият
−
27 Август 2022
12421Аввалроқ BBC журналисти Аваз Тоҳиров “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик майдонида тасвирга олмоқчи бўлганида тақиққа учрагани ҳақида хабар берган эдик. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб чиққанди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов Аваз Тоҳировга Мустақиллик майдони ва “Янги Ўзбекистон” боғида суратга туширишга рухсат берилмаганига муносабат билдирди.
“No Photo, No Video” муаммоси мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидан аллақачон йўқотилиши керак эди, аммо у қайта ва яна қайта юзага келмоқда.
Суратга олиш тақиқланишини тартибга солувчи бирор бир ҳужжат йўқ. 2018-йилда ИИВ томонидан ВМЛ-“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жамоат жойларини, бино ва иншоотларни суратга олиш ва видеотасвирга тушириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги лойиҳа тайёрланиб, муҳокама учун эълон қилинган, аммо қабул қилинмаганлигича қолиб кетган эди”, дейди Алламжонов.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг очиқлик сиёсатига зид бўлган, айрим ўзбошимчалик билан жорий қилинган тақиқлар жамиятга зарар келтириши муқаррар.
“Агар Вазирлар Маҳкамасининг суратга олишни тақиқлаш тўғрисидаги қарори бўлмаса, барча идоралар ходимларига, бундай ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида кўрсатма берилиши керак.
Бутун дунёда, агар тақиқ бўлмаса, демак рухсат берилганлиги назарда тутилади. Қонун билан суратга олиш тақиқланган объектлар рўйхати мавжуд. Қолган ҳамма жойларда – фотографлар, сайёҳлар учун ҳам, Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам, тўлиқ эркинлик таъминланиши зарур”, дейди Алламжонов.