BBC мухбири Тошкентда норасмий тақиққа учради

Жамият

image

BBC ўзбек хизмати журналисти Аваз Тоҳиров “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик майдонида суратга тушишга рухсат берилмаганини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 26 август куни Facebook саҳифасида пост қолдирган.

“Сага давом этади. Кеча “Янги Ўзбекистон” боғида юз берган ҳолат бугун Мустақиллик майдонида ҳам такрорланди. Ҳатто, Аркани тасвирга олишга ҳам рухсат беришмади рация ортида ўтирган назоратчилар.

Ўйлаб қолдим – хорижий мухбирнинг аккредитация ҳужжати ишлашимизга рухсат берилди, деб ўзини овунтиришдан бошқа нарсага ярамайдиган бир парча қоғоздир балки?”, дейди Тоҳиров.

У қўлида камера кўтарган сайёҳлар истаганча суратга олиб юрганини, чекловлар аккредитацияси бор мухбирлар-у оддий фуқаролар учунлигини танқид қилган.

“Энг қизиғи майдонда бир гуруҳ туристлар қўлида камера билан истаганча суратга олиб юрибди. Турист бўлсанг, ҳамма нарса мумкин, аккредитацияли мухбир бўлсанг – “сур бўттан”. Оддий фуқароларнинг эркинлик билан боғлиқ аҳволини тасаввур қилаверамиз энди.

Кулгилиси ва ачинарлиси – кўрсатув Мустақиллик кунига бағишланган эди.

Ҳурматли расмийлар, журналистлар ортида турганини кўп бор таъкидлаган давлат раҳбарига бу муаммоларни қачондир етказасизлар, деб умид қиламан”, дея сўзини якунлаган журналист.

У “Янги Ўзбекистон” боғида ҳам шундай норасмий тақиққа учраганини маълум қилган.

“Янги Ўзбекистон боғидаман. Мустақилликка бағишланган кўрсатув оляпман. Аммо айтишларича, боғда тасвирга олиш учун ёзма сўров юбориб, рухсатнома олиш керак экан”, дейди Аваз Тоҳиров.

У Боғда бирор тақиқловчи белги ёки бу жой кириш учун махсус рухсатнома талаб этиладиган ҳудуд эканини билдирувчи бирор нарсага кўзим тушмаганини қайд этган.

“Боғда суратга олиш ишлари олиб бориш учун рухсатнома талаб этилиши тўғрисида ёзма маълумотнома бериш ҳақидаги сўровим ҳам жавобсиз қолди. Унда ҳукумат берган аккредитация гувоҳномасининг аҳамияти қаерда қолди?”, дея Тоҳиров қонунчиликда белгиланган тартибни эслатган.

Қонунчиликда шундай дейилган:

“Давлат аккредитация қилинган хорижий мухбирга ахборотни эркин олиш ва тарқатишни кафолатлайди, уни касб фаолиятини амалга ошириш пайтида ҳимоя қилишни таъминлайди.

Аккредитация қилинган хорижий мухбирлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин юриш ҳуқуқига эга, бориш учун ёпиқ бўлган ёки махсус рухсатнома талаб этадиган жойлар бундан мустасно”.

Журналист Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиб, ташкилот қарамоғидаги боғда ўрнатилган бундай тартибни қандай изоҳлашини сўраган.

“Ўзаро суҳбатларда президент тез кунда боғга келиши сабабли махсус тартиб ўрнатилгани айтилди ва кейинроқ боғ раҳбарияти номига рухсатнома сўралган хат юборишга келишилди. Лекин барибир махсус режим ўрнатилганини кўрсатувчи бирор ҳужжат тақдим этилмади.

Бу журналистика соҳасида бўлмаганлар учун арзимаган муаммодек кўриниши мумкин. Аммо Ўзбекистонда журналистлар ёзилмаган тақиқлар муаммосига кўп дуч келадилар ва бу касб фаолиятига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Материал тайёрлашга иштаҳа билан киришган журналистнинг кайфияти бузилади, ҳаёллари тариқдек сочилиб кетади. Ҳукумат вазиятни яхшилаш йўлида қадамлар ташлашидан умид қилиб қоламан”, дейди BBC журналисти.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

195

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг