Алламжонов 25 йил давомида танқид қилган ёки ҳақиқатни гапирганларнинг овози ўчирилганини айтди

Жамият 2414
image

Аввалроқ, бугун, 11 октябрь куни Самарқандда ЕХҲТнинг Вена шаҳридаги иштирокчи давлатлар доимий вакиллари, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчилари иштирокида “Ўзбекистонда ОАВ эркинлиги масалалари” мавзусида халқаро давра столи бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади. Қуйида Алламжоновнинг нутқи видеоси ва матни билан танишишингиз мумкин.

“Авваламбор, Самарқандга, бизнинг кўҳна заминимизга хуш келибсиз. Вена шаҳрида келишганимиздек, бугун сизлар билан яна бир бор кўришиб турибмиз. Ўзбекистонга куни кеча бошланган ташрифингиз ўйлайманки, самарали бўлиб ўтмоқда ва сермазмун ташкил қилинди. 

Сиз ташрифингиз доирасида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглигини таъминлаш борасидаги ишларимиз билан яқиндан танишдингиз. Рухсат берсангиз, бугун сизлар билан Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасидаги тадбирларимиз, махсус йўл харитаси ва унинг доирасида амалга оширган ишларимиз, умуман бу соҳага бўлган қарашларимиз билан ўртоқлашмоқчимиз.

Куни кеча YouTube канали орқали 1991 йилнинг октябрь ойида ўтказилган Ўзбекистон парламенти сессиясида депутатларимизнинг нутқлари, уларнинг фуқаролик позицияларини кўриб қолдим. Ишонасизми-йўқми, мен бу видеотасвирда сўз эркинлигининг ҳақиқий ва самимий кўринишига гувоҳ бўлдим. Албатта, ўша пайтда 7 ёшли бола бўлганман, лекин айнан ўша давр бугун биз қураётган демократик фуқаролик жамиятининг бошланиши бўлган экан.

Аммо нима ҳам бўлдики, бу жараён узоққа чўзилмади ва тан олиб айтиш керакки, йиллар давомида Ўзбекистонда матбуотнинг роли ва ўрни жуда заифлашиб, у фақатгина мақтов ва тарғибот машинасига айланиб қолди. Танқид қилган ёки ҳақиқатни гапирганлар ёқмади, уларнинг овози ўчирилди ёки чет давлатга ишлайдиган айғоқчига чиқарилди.

Журналистика соҳасида аксарият битирувчилар бошқа соҳаларга ишга ўтиб кетди. Газета ва журналлар фақат мажбурий обуна ҳисобидан кун кечира бошлади. Афсуски, бизга ана шундай оғир мерос қолган эди.

2016 йил Президент этиб сайланган Шавкат Мирзиёев бу соҳани жадал ривожлантириш, Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлигини таъминламасдан туриб, ислоҳотларни амалга ошириш мумкин эмаслигини, давлат органлари ходимлари халқ билан мулоқот ўрнатган ҳолда иш ташкил этишлари лозимлигини дадил таъкидлаб, матбуотни амалда тўртинчи ҳокимият даражасига кўтариш вазифасини қўйди.

Албатта, бу осон иш эмаслигини ва ўз-ўзидан бўлиб қолмаслигини сиз жуда яхши тушунасиз, деб ўйлайман. Маълумки, сўз эркинлиги қонун доирасида бўлиши ва жаҳонда ўрнатилган халқаро этика қоидаларига риоя қилинишини ҳам талаб қилади.

Қарийб 25 йил давомида ёпиқ ва кучли цензурадан озодликка чиққан матбуот барчани эсанкиратиб қўйди. Аввалига журналистлар тажрибасизликдан қийналган бўлса, давлат ва ҳокимият органлари улар томонидан кўтарилган аччиқ ҳақиқатни ҳазм қила олмади. Танқидга ўрганмаган айрим амалдорлар томонидан оммавий ахборот воситаларига турли тазйиқлар бўлганини ҳам инкор эта олмаймиз ва бунга табиий хол деб қаралди. Ким ҳам матбуот назоратида қолишни ва унда кўтарилган муаммолар бўйича жавобгар бўлишни хоҳлайди. Ахир, юқорида айтиб ўтганимдек,  ўтган даврдаги кучли цензура давлат идоралари раҳбарлари фаолиятини танқид қилишни маън қилган ва уларнинг хатоларини яширишга хизмат қилган. 

Тан олиб айтиш керакки, йиллар давомида барча соҳаларда тўпланган муаммолари бор халққа эркин ва очиқ гапириш имконини берган Шавкат Мирзиёевнинг қанчалик сабр-бардошли, юксак ирода соҳиби эканидан далолатдир бу. Чунки, тасаввур қилиб кўринг, муаммолар қалашиб кетган одамлар дардига малҳам бўлиш ва унинг барини ҳал этиш қанчалик мушкул ва мураккабдир. Лекин шундай бўлишига қарамай, Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли бугун матбуот ривожланиб бормоқда, блогерлик фаолияти оммалашмоқда, агентлигимиз эса уларни ўз ҳимоясига олган. Улар билан юз бераётган адолатсизликларга қарши курашяпти. 

Шу билан бирга, журналист ва блогерларнинг малакасини ошириш, уларни қонун билан қўллаб-қувватлаш учун барча чоралар кўриляпти. Албатта, ички цензура ва қўрқув ҳали кўпчиликни бутунлай тарк этмади. Ўйлайманки, бу вақт ўтиши билан ўз ўрнига тушади. 

Ўзбекистонда ҳали ҳам матбуот эркин эмас, сўз эркинлиги йўқ деб осонгина гапираётганларга бу ишлар тез ва бир кунда амалга ошиб қолмаслигини, ташқаридан туриб, бунга қатъий баҳо бермасликни сўраб қоламан. Рим бир кунда қурилмаганидек, ўзбек матбуоти ҳам ҳақиқий тўртинчи ҳокимият даражасига етишига ҳали вақт керак ва биз буни яхши тушунамиз. Ушбу жараён кенг қамровли глобал тадбирларга бевосита боғлиқ бўлиб, таълим жараёнларига ўқувчиларни танқидий кўникмасини сингдиришдан тортиб, то журналистлар ва блогерлар малакасини ошириш, давлат ва бошқарув органлари раҳбарларини матбуот билан ишлаш, унга муносабат билдириш ва танқидий чиқишларга конструктив ёндашиш, аҳоли орасида сўз эркинлиги маданиятини шакллантириш каби тадбирларни амалга оширишни тақазо этади ва яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиманки, бу тадбирлар бир кунлик ё бир йиллик тадбирлар эмас. 

Қани энди шу пайт “Гарри Поттер”нинг сеҳрли таёқчаси бўлсаю бу ишларни бир зумда амалга ошириб қўйсак. Афсуски, бу фақат эртакларда бўлади. Амалда эса бунинг учун йиллар ва биздан машаққатли меҳнат талаб қилади”.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 27
Рейтинг: 3.2
t
×
×