Алиев Жапаров билан 25 миллион долларлик жамғарма тузди
Олам
−
11 Октябрь 2022
3106Қирғизистон ва Озарбайжон иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшма ривожланиш жамғармасини тузади. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти сайтида хабар берилди.
Бугун, 11 октябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев давлат ташрифи билан Қирғизистон пойтахти Бишкекга келди. Шу куннинг ўзида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров иштирокида Озарбайжон ва Қирғизистон Давлатлараро кенгашининг тор доирадаги биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
“Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи доирасида бугун, 11 октябрь куни Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Озарбайжон Республикаси ҳукумати ўртасида Қирғизистон-Озарбайжон тараққиёт жамғармасини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди”, дейилади хабарда.
Президентлар жамғарма халқаро ташкилот бўлишини қўшимча қилган. Жамғарманинг устав капитали 25 миллион долларни ташкил этади, штаб-квартираси Бишкекда жойлашади.
Илҳом Алиев ушбу жамғармани ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади, унинг сўзларига кўра, бу жамғарма тараққиёт, сармоя жалб этиш, иш ўринлари яратиш ва савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш учун янада зарур шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Давлатлараро кенгашнинг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида томонлар савдо, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик, шунингдек, Қирғизистон ва Озарбайжоннинг халқаро ташкилотлар ва минтақавий бирлашмалар доирасидаги ўзаро ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, томонлар, ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича ҳукуматлараро битимни ҳам имзолаган.
Бундан ташқари, икки давлат Ташқи ишлар вазирликларининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик, Озарбайжон ва Қирғизистон савдо-саноат палаталари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик бўйича англашув меморандумлари имзоланган.
Қолаверса, Бишкек ва Баку ўртасида қардош шаҳар муносабатларини ўрнатиш бўйича меморандум имзоланган.