Алиев Мирзиёевга ўз тилакларини юборди

Жамият

image

Бугун, 24 июль куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни туғилган куни муносабати билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

“Ҳурматли Шавкат Миромонович, азиз қардошим! Таваллуд кунингиз муносабати билан сизга самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни йўллашдан мамнунман”, дея ёзган у.

Алиев ўз табригида Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат туфайли Ўзбекистон ҳар томонлама ривожланиб, барча соҳаларда салмоқли ютуқларга эришгани, иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаб, халқаро майдонда катта обрў-эътибор қозонганини таъкидлаган.

“Буларнинг барчаси сизнинг буюк давлат арбоби сифатидаги машаққатли фаолиятингиз ва тинимсиз хизматларингизнинг бевосита натижасидир. Қардош Ўзбекистон сизнинг қатъий раҳбарлигингизда йилдан-йилга янги муваффақиятларга эришиб, жаҳон миқёсида салмоқли ютуқларни қўлга киритаётгани бизни чин дилдан қувонтиради ва ғурурлантиради”, дейди у.

Озарбайжон Президенти икки мамлакат халқларининг қардошлиги, тарихи ва миллий-маданий қадриятларига асосланган кўп қиррали алоқаларнинг бугунги юксак даражага кўтарилишида Президент Мирзиёев катта роль ўйнаганини айтган.

“Сизнинг мамлакатларимиз бирдамлиги ва иттифоқчилиги йўлидаги қатъий ва фидокорона фаолиятингиз Озарбайжонда сизга нисбатан чуқур ҳурмат ва хайрихоҳлик туйғуларини уйғотди. Сизнинг яқинда Озарбайжонга давлат ташрифингиз давомида бўлиб ўтган самарали учрашувимизни, ўзаро ишонч, англашув ва самимият руҳида ўтган фикрлашув ва мулоқотларимизни илиқлик билан эслайман. Озарбайжон ва Ўзбекистон Олий давлатлараро кенгашининг иккинчи йиғилиши якунлари, ташриф доирасида қатор соҳаларга оид ҳужжатлар имзолангани ва муҳим келишувларга эришилгани таҳсинга сазовор”, деган Алиев.

Илҳом Алиев Ўзбекистон раҳбари билан бўлаётган ўртадаги самимийлик, дўстлик ва биродарлик туйғуларини доимо юксак қадрлашини айтиб, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги қардошлик ҳамда иттифоқчилик муносабатлари биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли бундан буён ҳам юксалиб, янги мазмун билан бойиб боришига ишонч билдирган.

“Ушбу қутлуғ айёмда Сизни яна бир бор самимий табриклаб, Сизга ва оилангизга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, бахт-саодат, қардош Ўзбекистоннинг равнақи, фаровонлиги ва янада тараққий топиши йўлидаги юксак давлатчилик фаолиятингизда янги муваффақиятлар ва янги зафарлар тилайман”, деган у.

Маълумот учун, бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 68 ёшга тўлди.

Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.

1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди.

1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.

Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.

Шавкат Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.

У 2016, 2021 ва 2023 йилларда бўлиб ўтган президент сайловларида ғалаба қозониб, Ўзбекистон Президенти этиб сайланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда унинг отаси, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон раҳбарига табрик йўллаганди. Президент Путин эса ўз қутловида Президент Шавкат Мирзиёев икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшаётганини таъкидлаган. Хитой раҳбари Си Цзиньпин Ўзбекистон билан муносабатларга алоҳида эътибор қаратишини айтди


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев туғилган кун табриги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг