Алиев Қорабоғ можароси ўтмишда қолганини айтди
Олам
−
24 Сентябрь 2021
4294Қорабоғ можароси ўтмишда қолди ва Тоғли Қорабоғ деб номланган маъмурий-ҳудудий бирлик энди йўқ. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида сўз очди.
“Озарбайжон 30 йилдан бери давом этаётган низони ҳарбий-сиёсий йўллар билан ҳал қилди, ўзининг ҳудудий яхлитлиги ва тарихий адолатни тиклади. Тоғли Қорабоғ можароси ўтмишда қолди. Озарбайжонда энди Тоғли Қорабоғ деб номланган маъмурий-ҳудудий бирлик йўқ”, деган Алиев
Республика Президентининг сўзларига кўра, у тинчлик шартномасини имзолаш таклифига Еревандан ижобий муносабат кўрмаяпти.
“Можаро тугади, шунинг учун Озарбайжон Арманистон билан чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, бир-бирининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ўзаро тан олиш тамойили асосида тинчлик шартномаси бўйича музокараларни бошлашга тайёрлигини эълон қилди. Бундай келишув бизнинг минтақани тинчлик ва ҳамкорлик минтақасига айлантириши мумкин. Бироқ, биз ҳали ҳам Арманистоннинг таклифимизга ижобий муносабатини кўрмаяпмиз”, дея хулоса қилган Алиев.
Маълумот ўрнида, Тоғли Қорабоғ атрофидаги можаро 2020 йил 27 сентябрда фаол жанговар ҳаракатлар бошланиши билан кескинлашди. Ўша йилнинг 9 ноябрида Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян имзолаган уч томонлама баёнот можаро зонасида ҳарбий ҳаракатларнинг тўлиқ тўхташига имкон яратди. Озарбайжон ва Арманистон томонлари эгаллаб олган позицияларида тўхташди, бир қатор ҳудудлар Баку назорати остига ўтди, Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.