Алишер Қодиров ўқишга кирмаган барча ўғил болаларни бир йиллик ҳарбий хизматга жўнатишни таклиф қилди
Жамият
−
20 Март
10808Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров мактабни тугатганидан сўнг, ўқишга кирмаган барча ўғил болаларни тўловларсиз, бир йиллик мажбурий ҳарбий хизматга жалб қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзди.
“Мактабни тугатган, ўқишга кирганлардан ташқари барча ўғил болаларни тўловларсиз, бир йиллик мажбурий ҳарбий хизматга жалб қилиш лозим. Тартиб ва масъулиятни мактаб ва ҳарбий хизматда ўргатмасак, қамоқхонада ҳеч қачон ўргатиб бўлмайди”, дейди депутат.
Унинг айтишича, Ғарб йўқотилган авлод оила ва таълимда қадриятларни рад этиш натижаси эканини тан олмоқда. Қодиров тарбия масаласида кескин қарорлардан қочмаслик кераклигини урғулаган.
“Ўзбекистонни, эркинликни ҳадсизлик деб биладиган, атлас костюм хунасалар эмас, ўз қадрини биладиган, тафаккур қиладиган ўғил-қизлар ривожлантиради. Нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёда боғча ва мактаб миллий хавфсизлик масаласига айланган. Уни нафақат Миллий гвардия, балки, бутун жамият қўриқлаши керак!” дея таъкидлайди Алишер Қодиров.
Депутат мактаблардаги янги тизим ҳақида гапирар экан, бунинг натижасида 124 минг ўқувчи сабабсиз мактабга келмагани аниқлангани ва 3 минг нафар ота-она Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси билан жаримага тортилганини қўшимча қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь