Алимент тўлашдан қочиб юрган она чойхонадан топилди
3-саҳифа
−
27 Апрель
11203Алимент тўлашдан бўйин товлаб, қидирувда бўлган аёл Тошкент шаҳридаги чойхоналардан биридан топилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Билдирилишича, Мажбурий ижро бюроси Тўрткўл туман бўлими иш юритувидаги суд буйруғига асосан аёл киши бўлган қарздор Р.Г.дан тўрт нафар фарзанди таъминоти учун қайнонаси А.Р фойдасига алимент ундириш белгиланган бўлиб, қарздор алимент пулларини тўлашдан қочиб юргани оқибатида унинг қарздорлиги 47 млн сўмдан ошиб кетган.
Шу сабабли, унга нисбатан Мажбурий ижро бюроси Тўрткўл туман бўлими давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилинган.
Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шуъбаси ходимлари томонидан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларида қарздор Р.Г. Тошкент шаҳри Сергели туманидаги чойхоналарнинг биридан топилган.
Шу муносабат билан қарздорга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман судига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Сурхондарёда фарзандларига алимент тўламагани учун икки йил олдин қидирувга берилган ота уйининг ертўласидан топилганди. Қашқадарёда эса алимент тўламасдан қочиб юрган эркак уйидаги кўрпалар тагидан топилди. Тошкент вилоятида алимент тўламагани учун қидирувда бўлган эркак Damas автомашинасида йўловчи сифатида кетаётганида МИБ Тошкент вилоят бошқармаси қидирув бўлими ҳамда ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда МИБ ходимларини кўриб, дала томонга қочганди. Бундан шубҳаланган ходимлар унга тегишли маълумотларни текширганида, эркак шу пайтгача алиментдан қочиб юрган ота бўлиб чиққанди. Фарғонада фарзандини моддий таъминотидан бўйин товлаб юрган қарздор яшаш хонадонидаги қудуқдан топилди.
LiveБарчаси