Тошкентда алимент тўламай юрган эркак далага қочди
3-саҳифа
−
27 Март
6823Тошкент вилоятида ўз фарзандига алимент тўламагани учун қидирувда бўлган эркак ушланди. Бу ҳақда МИБ ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов QALAMPIR.UZ'га хабар берди.
Унга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Қуйичирчиқ туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздордан вояга етмаган фарзанди таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Ижро ҳаракатлари давомида эркак алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб юриши оқибатида қарздорлик суммаси 16 миллион сўмни ташкил этган. Унга нисбатан 2023 йилнинг 5 декабрь куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонуннинг 47⁴ - моддаси билан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланган.
Шундан сўнг ҳам қарздор алимент қарзларини тўлашни истамаган.
"Шу вақтгача эркакнинг қарздорлиги 26 миллион сўмга етгани сабаб тегишли тартибга кўра, жорий йилнинг 14 март куни А.Н.га нисбатан қидирув эълон қилинган", дейилади хабарда.
МИБ Тошкент вилоят бошқармаси қидирув бўлими ҳамда ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Damas автомашинасида йўловчи сифатида кетаётган фуқаро қўлга олинган. Дастлаб у МИБ ходимларини кўриб, дала томонга қочган. Бундан шубҳаланган ходимлар унга тегишли маълумотларни текширганида, эркак шу пайтгача алиментдан қочиб юрган ота бўлиб чиққан.
Ҳозирда, алимент қарздорлиги туфайли қочиб юрган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси