Ален Делон ўғлини судга бермоқчи
Маданият-санъат
−
06 Январь
11968Дунёга машҳур бўлган 88 ёшли француз актёри Ален Делон ўғлининг устидан судга мурожаат қилмоқчи. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Актёрнинг ўғли Энтони Делон 4 январь куни “Paris Match” журналига берган интервьюсида отасининг соғлиғи заифлиги ва ўтган Рождество унинг учун охиргиси бўлиши мумкинлигини айтди.
"У кўп гапирмайди, тез ҳолдан тояди... Отамнинг овози эшитилмагани сабабли биз ундан сўзларини такрорлашини сўраймиз. У эса бундан асабийлаша бошлайди", деган Энтони Делон.
Маълум бўлишича, интервью нашр қилингандан бир неча соат ўтгач, Ален Делон ўз адвокати Кристоф Аелага мурожаат қилган. Адвокат "France-Press"га актёр ўғлининг гапларидан ҳайратда қолганини ва унинг судга шикоят қилишини айтган.
“Ўз отасининг қариб қолганини қайта-қайта такрорлаб, барчага дардини дастурхон қилган Энтонининг гапларига отаси ортиқ бардош беролмайди”, деган актёрнинг адвокати агентликка.
Маълумот учун, Ален Делон 2019 йил июль ойида инсультга учраган ва ҳозирда Франциянинг Луара минтақасида жойлашган уйида яшайди. У фаолиятини якунлашидан аввал, 2008 йилда "Астерикс Олимпия ўйинларида" картинасида Юлий Цезарь ролини ўйнаган.