Ўзбекистон футболи нигерияликлар учун алдов майдонига айланмоқда – “The Guardian”
Жамият
−
29 Январь 2021
16454Ўтган йилнинг декабрь ойида Нигериянинг турли шаҳарларидан бўлган 7 нафар ёш футболчи йигитларни ўзини футбол агенти сифатида таништирган нигериялик шахс ёллаб, Тошкентга олиб келди. Бироқ кўп ўтмай асл ҳақиқат бошқачароқ бўлиб чиқди. Бу ҳақда “The Guardian” нашрининг Нигерия хизмати ёзмоқда.
“Ўша агент мендан 3900 АҚШ доллари виза, чипта ва бошқа ҳаражатлар учун, деб умумий миқдорда 6000 доллар пул олди”, дейди 16 ёшли нигериялик Онека Бенсон.
Қайд этилишича, футбол агенти сифатида ўзини таништирган шахс нигериялик Бенсоннинг оиласини иккинчи дивизионда ўйнайдиган клуби борлигига, у ерда йигитча рўйхатдан ўтиб, футбол ўйнаши ва пул топишига ишонтирган.
“Ўша агент мени юқори дивизиондаги клубларга синаб кўриш учун олиб боришга ҳам ваъда берганди, аммо биз 2020 йил декабрда Ўзбекистонга келганимизда, агент U-14 болалар билан эндигина иш бошлаганини англадик”, дейди Онека Бенсон.
Маълум бўлишича, вазиятдан ҳафсаласи пир бўлган йигитларнинг бир қисми Нигерияга қайтиб кетган.
“Ўйинчиларнинг бир қисми умид йўқлигидан уйига қайтди. Ўзим ҳам уйга қайтиш вариантини кўриб чиқмоқдаман. Вақт ўтяпти, виза муддати тугаяпти”, дейди Бенсон.
Нашрнинг қайд этишича, FIFA рейтингида ўртача 75-ўриндаги Ўзбекистон футболга иштиёқманд ўйинчилар учун мақбул жой эмас, аммо тўғри ҳужжатлар билан турист сифатида мурожаат қилган чет элликлар учун унинг эшиклари доимо очиқ.
Маълумот ўрнида, Нигерия терма жамоаси FIFA рейтингида 35-ўринда қайд этилган.
LiveБарчаси