Тошкентда нигериялик “қариндоши”га 90 минг доллар ўтказган аёл чув тушди
3-саҳифа
−
02 Июль
11863Тошкент шаҳрида яшовчи аёл халқаро фирибгарларнинг катта компания эгасидан қолган 3 миллиард долларлик меросни унга ўтказиб бериш ҳақидаги ёлғонига ишониб, 90 минг доллар пулидан айрилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Марказ ходимига кўра, ҳолат бундан икки ой олдин содир бўлган. Нигериялик фирибгарлар аёлга ижтимоий тармоқ орқали мурожаат қилиб, катта компания эгаси вафот этгани, аёл эса миллиардернинг узоқ қариндоши бўлиши эҳтимолини билдирган. Бунинг учун улар аёлдан қон анализини жўнатишни сўраган. Агарда анализлар қариндошлик аломатларини тасдиқласа, компания раҳбаридан қолган уч миллиард долларлик мерос унга ўтишини айтган.
Фирибгарларнинг ёлғонига ишонган аёл уларга қон анализини юборган ҳамда анализни текшириш учун фирибгарларга 1000 доллар пулни ҳам ўтказиб берган. Бироздан сўнг, у ҳақиқатан ҳам ўша миллиардернинг қариндоши бўлиб чиққани, минглаб одамларнинг қон анализлари ичида айнан уники мос келгани ҳақида хабар олган. Шундан сўнг, фирибфарлар аёлга катта миқдордаги пулни ўтказиш учун банкдан ҳисобрақам очиши ва унда 20 минг доллар пул бўлиши кераклигини билдирган.
Шундай қилиб, аёлни чув тушириш ишлари бошланган: аёл фирибгарларнинг айрим ҳужжатларни расмийлаштириш, адвокатлик хизмати ва бошқа турли баҳоналарига ишониб, бир неча босқичда уларга 90 минг доллар ўтказиб берган. Фуқаронинг бунча миқдордаги пули бўлмаган. Шу сабабли, у ўз яшаб турган уйини ҳам сотиб юборган.
Маълум қилинишича, бундай жиноятлар уюшган жиноий гуруҳ томонидан амалга оширилади. Уларни очиш жуда ҳам қийин ҳисобланади. Дунё тажрибасида айни шу турдаги жиноятларнинг 60-70 фоизи очилмасдан қолади.
LiveБарчаси