Алексей Навальний сунъий кома ҳолатидан чиқарилди
Олам
−
07 Сентябрь 2020
7294Германия пойтахти Берлиндаги клиникада даволанаётган россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийнинг аҳволи яхшилашди. Шифокорлар уни сунъий кома ҳолатидан чиқарди.
“22 августдан бери Charite клиникасида даволанаётган Алексей Навальнийнинг аҳволи яхшилашди”, дейилади клиника баёнотида.
Ҳозирда уни сунъий кома ҳолатидан чиқаришган ва аста-секинлик билан ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратидан ҳам узишяпти.
Айни вақтда Навальний ўзига қарата қилинган мурожаатга тепки бера бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, Алексей Навальний Томскдан Москвага самолётда қайтаётганда тоби қочиб, зудлик билан Омскдаги шифохонага ётқизилди. Унинг тарафдорлари Навальнийни Германияга олиб кетиш ҳаракатига тушди. Аммо икки кун давомида Омскдаги шифохона шифокорлари уни кўчиришга рухсат бермай келди.
Бу орада Навальнийни заҳарланган деб тахмин қилаётганлар бу ҳаракатни Кремлнинг режаси деб баҳолади. Икки кундан кейин сиёсатчи Берлинга олиб кетилди. Германия Ҳукумати Россиядан ҳолат бўйича шаффоф текширув бошлашни сўради. Кремль бу чақирувга муносабат билдириб, заҳарланишни исботловчи далил йўқлигини маълум қилди.
Германия эса иттифоқчилари билан Россияга қарши санкциялар жорий қилиш бўйича муҳокамаларни бошлаб юборди. Хусусан, Франция ва Буюк Британия Россиянинг танобини тортиб қўйиш кераклигини айтмоқда.
"Der Spiegel" нашри Навальнийнинг териси, пешоб ва қонида заҳарловчи модда аниқланганини маълум қилди.
Россия эса билдирилаётган айбловларга нисбатан, Ғарб давлатлари ва НАТОни "Новичок" гуруҳига кирувчи кимёвий модда ўйлаб топишда айблади.
LiveБарчаси