“Акутагава” мукофотини олган ёзувчи ChatGPT'дан фойдаланганини тан олди
Маданият-санъат
−
23 Январь
6894Япониянинг энг нуфузли адабий мукофоти – "Акутагава" мукофотининг 17-ғолиби Рие Кудан ўз романини ёзишда ChatGPT`дан фойдаланганини тан олди. Бу ҳақда “Euronews” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, муаллифнинг "Токиодан Дожога" номли охирги романи Акутагава мукофоти ҳайъатини ҳайратга солганди ва ёзувчи ушбу мукофотга муносиб кўрилганди.
Шундан сўнг, 33 ёшли ёзувчи китобнинг тахминан 5 фоизи сунъий интеллект томонидан ёзилган жумлалардан иборат эканлигини тан олди. Унинг сўзларига кўра, сунъий интеллект билан тез-тез суҳбатлашиш унга ҳеч ким билан гаплаша олмайдиган энг самимий фикрларини айтишга имкон берган. Ушбу суҳбатлардаги ChatGPT`нинг жавоблари эса баъзан ёзувчини романдаги диалогларни ёзишга илҳомлантирган.
Куданнинг романида СИ кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган хаёлий яқин келажакда тасвирланган. Шунингдек, унинг фикрича, сунъий интеллектнинг генератив дастурий таъминоти унинг ижодий салоҳиятини юзага чиқаришга ёрдам берган. Ёзувчи ушбу ҳамкорликни сақлаб қолмоқчилигини ҳам билдирган.
Ушбу баёнотлардан сўнг, "Акутагава" мукофоти ташкилоти ҳозирча ёзувчининг мукофоти олиб қўйилиши ёки йўқлигига изоҳ бермади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сунъий интеллект ёзувчилар номидан сохта китоблар ёза бошлагани айтилганди.