АҚШсиз қолаётган Афғонистонга энди Россия қўшин киритадими? Лавров барчасини айтди

Олам

image

Россия “Толибон” ҳаракати  позициялари мустаҳкамланаётгани фонида Афғонистонга ўз қўшинларини киритишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.  

Шунингдек, у Афғонистонга аниқ зарба бериш эҳтимолини истисно қилган. 

“Ҳеч ким Афғонистон ҳудудига бирон бир аниқ зарба бериш ҳақида гапираётгани йўқ ва ҳеч ким Афғонистонга бостириб кириш ҳақида ҳам ўйламаяпти”, дея жавоб берган Лавров “Россия Афғонистонда доимий равишда ҳарбийларни жойлаштириш ёки у ердаги позицияларга зарбалар беришни истисно қиладими?” деган саволга. 

“Сиз бизни америкаликлар билан ёки Совет давридан бери “олиб келган” тажрибамиз билан чалкаштиряпсиз”, деб қўшимча қилган вазир. 

Лавров Россия Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) аъзолари, шу жумладан Афғонистон билан чегарадош Тожикистон ва Қирғизистон олдида мажбуриятларини сақлашини таъкидлаган. 

“КХШТ аъзоларидан бирига қарши ҳар қандай тажовуз содир бўлган тақдирда, ушбу тажовузни бостиришга қаратилган жавоб чораларини аниқлаш учун дарҳол маслаҳатлашувлар ўтказилади”, деган Ташқи ишлар вазири.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Россия Лавров

Баҳолаганлар

204

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг