АҚШнинг НАТОдаги элчиси Украинанинг умидларини пучга чиқарадиган баёнот берди
Олам
−
16 Июнь 2022
24618Ғарб давлатлари Украина ҳукуматини қурол-яроғ билан таъминлашда қийналмоқда, чунки Киевдан сўровлар деярли ҳар куни келиб тушади ва тез-тез ўзгариб туради, баъзи давлатлар захираларини тугатишга яқин турибди. Буни кеча, 15 июнь куни АҚШнинг НАТОдаги элчиси Жулианн Смит Вашингтондаги янги Америка хавфсизлиги бўйича конференцияда сўзлаган нутқида тан олди.
Вашингтон иттифоқчилари Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш учун етарлича қурол-яроғ захирасига эгами, деган саволга жавоб берар экан, “Бу кўплаб таркибий қисмлардан иборат доимий ривожланиб борувчи жараён”, дейди у.
“Аввало, биз деярли ҳар куни Киевдан келаётган доимий ўзгарувчан сўровлар рўйхатини ҳал қилишимиз керак. Бизга кўплаб сўровлар тушмоқда ва иттифоқчиларимиз билан биргаликда улардан қайси бирига жавоб бера олишимиз, ким нима беришга тайёрлигини аниқлашга ҳаракат қиляпмиз. Бу қийин, чунки сўровлар тез ўзгаради”, деб давом этди Смит.
Унинг қайд этишича, аввалига Киев ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бўйича сўров йўллаган. Кейинроқ эса ўқ-дорилар, артиллерия етишмаслигидан нолий бошлаган.
“Кейин маълум сабабларга кўра биз кўп жиҳатдан қирғоқни ҳимоя қилиш воситаларига эътиборимизни қаратган давр келди. Энди биз зирҳли машиналар масаласини кўриб чиқяпмиз”, дейди АҚШнинг НАТОдаги доимий вакили.
Бир қанча мамлакатлар захиралар тугаб бораётгани сабабли “аста-секин хавотир билдира бошлаган”. Давлатлар сўнгги ойларда катта ҳажмдаги ускуналар тақдим этганликларини билишади ва Украинага яна нима беришлари мумкинлигини қайта кўриб чиқишмоқда. Унинг урғулашича, баъзи давлатлар молиявий ёрдам беришга ўтишга қарор қилган.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Украина Президент Владимир Зеленский навбатдаги баёнот билан чиқиб, Украина энг кўп замонавий ҳаво мудофаа тизимларига муҳтожлигини айтганди.
“Биз ҳамкорларимизга яна ва яна такрорлаймизки, Украина замонавий ракетага қарши қуролларга муҳтож. Бизнинг давлатимиз ҳали бунга етарлича эга эмас, лекин айнан бизнинг давлатимиз ва ҳозир Европада бундай қуролларга энг катта эҳтиёж бор”, деган эди Зеленский.
Шунингдек, 15 июнь куни АҚШ Президенти Жо Байден Украина раҳбари Зеленский билан телефон орқалит мулоқот қилиб, Америка Қўшма Штатлари Украинага қиймати 1 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини юборишини маълум қилди. Бу қўшимча артиллерия қисмлари ва қирғоқни ҳимоя қилиш воситалари, шунингдек, украиналикларнинг Донбассдаги мудофаа операцияларида зарур бўлган артиллерия ҳамда илғор ракета тизимлари учун ўқ-дориларни ўз ичига олади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15