АҚШнинг даҳшатли қамоқхонаси ёпилиши мумкин
Олам
−
13 Февраль 2021
9314АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш ниятида. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот котиби Жен Псаки хабар берди.
Байденнинг президентлик муддати тугамасдан Гуантанамо қамоқхонаси ёпиладими, деган саволга котиб Псаки қуйидагича жавоб қайтарди:
“Бу, албатта, бизнинг мақсадимиз ва ниятимиз”.
Маъмурият ушбу қамоқхонанинг зарурлигини қайта кўриб чиқиш бўйича жараённи бошлаб юборган. Байден қамоқхонани ёпиш тўғрисидаги фармонни яқин ҳафталарда имзолашни режалаштирмоқда, аммо унинг фаолияти дарҳол тўхтатилмаслиги мумкин.
Шунингдек, Пентагон раҳбари Ллойд Остин Гуантанамони ёпиш ғоясини қўллаб-қувватлашини айтган.
Маълумот ўрнида, Гуантанамо қамоқхонаси террорчиликда гумон қилинганларни сақлаш учун 2002 йил Кубада ташкил этилган. Ушбу қамоқхонада маҳбусларни қийноққа солиш ва уларни айбловсиз узоқ муддат ҳибсда сақлаш бўйича кўплаб далиллар пайдо бўлгани учун инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан кўп бора танқид қилинган.
Қамоқхонанинг ёпилиши Барак Обаманинг сайловолди ваъдаларидан бири бўлган. Бироқ у бунинг уддасидан чиқа олмади. Президент сифатида Обама Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш учун бир неча бор уринган, аммо унинг ҳаракатларига ҳар сафар Конгресс томонидан тўсқинлик қилинган. Шундай бўлса-да, унинг президентлик йилларида қамоқдаги маҳбуслар сони 245 кишидан 41 кишига камайди. Бироқ Обаманинг ўрнини эгаллаган Дональд Трамп қамоқхона фаолиятининг давом этиши тўғрисида фармон чиқарди.
Ҳозирда қамоқда 40 нафар маҳбус сақланади. Уларнинг аксарияти деярли йигирма йилдан бери суд қарорисиз ҳибсда ушлаб турилибди.