АҚШ ҳукумати фаолиятини тўхтатди
Олам
−
10:59
3881Бугун, 21 декабрь куни АҚШ федерал ҳукумати расмий равишда “шатдаун” режимига ўтди, чунки Сенат Вашингтон вақти билан ярим тунга қадар вақтинчалик бюджет лойиҳасини қабул қилишга улгурмади. Бу ҳақда “C-Span” телеканали томонидан узатилган овоз бериш жараёни трансляциясида хабар берилди.
Ҳозирда “шатдаун” расмий ҳисобланади, чунки федерал ҳукумат дам олиш кунларида ишламайди. Агар Сенат қонун лойиҳасини 23 декабрга қадар қабул қилмаса ва амалдаги АҚШ Президенти Жо Байден уни имзоламаса, федерал ҳукуматнинг фаолияти де-факто тўхтатилади. Бироқ Байден ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
CNN хабарига кўра, агар Сенат Вакиллар палатаси (Конгресснинг қуйи палатаси) томонидан маъқулланган қонун лойиҳасини қабул қилса, ҳукумат ишининг тўхтатилиши катта муаммоларни келтириб чиқармаслиги мумкин.
ABC News “шатдаун” оқибатида тахминан 3,5 миллион давлат хизматчиси ва федерал идоралар ходимлари байрам даврида маошсиз қолишини ёзган. Уларнинг айримлари – масалан, транспорт хавфсизлиги ходимлари, авиация диспетчерлари, чегара қўриқчилари, ҳарбийлар ва Пентагоннинг фуқаролик хизматчилари ишини давом эттиришга мажбур бўлади.
Маълумот учун, АҚШ ҳукумати фаолиятининг тўхташи 1976 йил мамлакатда амалдаги бюджетни келишиш жараёни жорий этилгандан буён 21 марта содир бўлган. Энг узоқ давом этган “шатдаун” эса Дональд Трампнинг биринчи президентлик даврида юз берган бўлиб, 2018 йил охиридан 2019 йил бошигача 35 кун давом этган.